Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган майнинг фермаси аниқланди, дея хабар бермоқда «Ҳудудий электр тармоқлари» компанияси матбуот хизмати.

Қўқон шаҳрининг «Марғилон дарвозаси» маҳалласида қандолатчилик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхона эгаси А.А. электр ҳисоблагичга ташқи таъсир кўрсатган ҳолда майнинг қурилмаларини улаб олган ва ноқонуний равишда фойдаланиб келган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, А.А. томонидан «Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» манфаатига 900 млн сўмдан зиёд (шундан майнинг фаолияти учун 800 млн сўмга яқин) зарар етказилгани аниқланган.

Истеъмол қилган электр энергиясининг майнинг фаолиятини юритишда фойдаланган қисми учун амалдаги қонунчиликка кўра тарифга 5 баробар ўсувчи коэффициент қўлланилиб, жами 4 млрд сўмлик қоидабузарлик далолатномаси расмийлаштирилган.

Ҳозирда тегишли ташкилотлар томонидан мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.