10 январь куни ижтимоий тармоқларда ёш йигит отаси Ички ишлар вазирлигида ишлашини айтиб, бир неча йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда автомобилларни бошқарди, деб хабар берди ЙҲХХ.

Суриштирувда видеодаги шахс 2006 йилда туғилгани аниқланиб, йигит ва унинг онаси билан суҳбат уюштирилди.

Жараёнда йигит отаси вазирликда эмас, балки «Ўздонмаҳсулот» АЖда ишлаши, бу гапни видео олиш учунгина айтганини таъкидлади.

Йигит ўз машинасидан ташқари бошқа фуқарога тегишли Еquinox автомобилини ва яна бошқа машиналарни ҳам бошқаргани аниқланди. Бу ҳолатларда бир нечта қоидабузарликларга йўл қўйилган ва улар тасвирга олиниб, ижтимоий тармоқларга жойланган.

«Видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетди. Шота Руставели кўчасида тезлигимиз 174−176 атрофида бўлган. Ўшанда ўзимиз учун видеога олиб, Telegram каналга ташлагандик. У ердан тарқалиб кетибди. У ерда кўп [марта] светофор қизил чироғидан ўтилган. Қилган ишимдан афсусдаман. Тезлик яхши нарсага олиб келмас экан. Ҳозир машинамиз жарима майдонида. Гувоҳномасиз ҳаракатланганим учун чора кўришди», — дейди йигит.

ЙҲХХнинг қайд этилишича, йигит бошқарган бошқа шахсга тегишли Equinox автомобили ҳам топилиб, жарима майдончасига жойлаштирилган. Йигитнинг қилган ҳаракати юзасидан унинг онасига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси бўйича (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) маъмурий баённома расмийлаштирилган ва БҲМнинг 5 баравари миқдорида (1 млн 700 минг сўм) жарима белгиланган.