Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани судида 11 январь куни Telegram мессенжерида «Hello Tashkent, Salam Tashkent» номли канал ва гуруҳлар яратган бир гуруҳ шахсларга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланди, деб хабар бермоқда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов.

Улар 2023 йил май ойида ҳибсга олинганди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари хабар берганидек, Telegram`даги гуруҳларда аёлларнинг интим суратлари ва видеолари эълон қилинган, уларни ўчириш учун гуруҳ аъзолари 100 минг сўмдан 500 минг сўмгача пул талаб қилган.

Улар Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари билан айбланди:

  • 130-модда 2-қисми «б» банди (Бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган порнографик маҳсулотларни тарқатиш);
  • 139-модда 3-қисми «а, г» бандлари (Оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб, ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш);
  • 140-модда 2-қисми (Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан ОАВ, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали ҳақорат қилиш);
  • 141−3-модда 2-қисми «б, в» бандлари (Бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш)
  • 165-моддаси 2-қисми «а, в» бандлари (Такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган товламачилик).

Судья Ж.Саидов ишни Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддасига (Судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) асосан ёпиқ мажлисда кўриб чиқди. Олий суд сайтидаги маълумотларга кўра, 62 киши жабрланувчи ва даъвогар бўлган, улардан 55 нафари аёл.

Иш бўйича 3 нафар эркак — Ш. И, Б.С. ва В.Х.лар айбланувчи бўлди (аслида эса дастлаб 6−7 киши ҳибсга олинганди). Уларга 3 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Рақамли технологиялар вазирлигига Telegram`даги тегишли аккаунт ва гуруҳларни блоклаш топширилди.