11 январь куни соат 8:00 ҳолатига кўра Тошкент ҳавосидаги РМ2,5 заррачалари миқдори аввалги кунга нисбатан унчалик ўзгармади ва 85,5 мкг/м3 ни ташкил этди, деб хабар берди Ўзгидромет. Бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларидан (5 мкг/м3) 17 марта юқори (соат 20:00 ҳолатига кўра 19,4 марта юқори бўлганди).

Шаҳарда, аҳолининг хабар беришича, куюнди ҳиди бор. Буни «Газета.uz» мухбирлари тасдиқлайди.

IQAir хизмати рейтингида Ўзбекистон пойтахти хабар эълон қилинган вақтда 12-ўринда эди (кечқурун — 8-ўрин бўлган). Хизмат очиқ ҳаводаги ишлардан тийилиш, тиббий ниқоб тақиш, деразаларни очмаслик ва агар мавжуд бўлса, ҳаво тозалагичдан фойдаланишни тавсия қилади.

РМ10 зарралари (191,4 мкг/м3, СанПиН бўйича рухсат этилган концентрация — 500 мкг/м3) ва углерод оксиди (0,8 мг/м3, рухсат этилган максимал концентрация — 5 мг/м3) миқдори меъёрда бўлди.