Журналист, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси матбуот котиби Айжамал Жолдасбаева-Жанибекова 11 январь куни вафот этди. Бу ҳақда унинг яқинлари ижтимоий тармоқларда хабар қолдирди.

Айжамал Жолдасбаева 1997 йил 23 январда Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир туманида туғилган. Журналист 2014 йилда адабиёт йўналиши бўйича Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган.

Айжамал Жолдасбаева (пастки қатор, чапдан биринчи). Фото: ЎзААйжамал Жолдасбаева (пастки қатор, чапдан биринчи). Фото: ЎзА

У Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг бакалавр ҳамда Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг магистратура босқичини тамомлаган. Шунингдек, ЎзЖОКУда фалсафа доктори (PhD) даражаси учун илмий изланиш олиб бораётганди.

Марҳума яқинларининг «Газета.uz»га маълум қилишича, унда ҳомиладорлик даври оғир кечган.

Маълум муддат ўлик ҳомила билан юрган, бола олинганидан кейин унинг аҳволи оғирлашиб, дастлаб Тахтакўпир туманидаги касалхонага етказилган. Комага тушиб қолгач, 3 кун аввал Нукус шаҳридаги тез ёрдам шифохоналаридан бирига олиб борилган ва ўша ерда вафот этган. Унинг 2 ёшга тўлмаган ўғил фарзанди бор.

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси унинг вафоти юзасидан ҳамдардлик билдирди.