Президент қарори билан, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган жисмоний шахслар томонидан сотиб олинганда қўшилган қиймат солиғи суммаси қайтариб бериладиган товарлар рўйхати кенгайтирилди, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Ун, шакар, дори воситалари ва тиббий хизматлар ҳам эндиликда реестрга киритилган жисмоний шахслар томонидан сотиб олинганда ҚҚС суммаси қайтариб бериладиган товарлар сирасига кирди.

Бунда ҚҚС суммасини қайтариш ойига БҲМнинг 10 бараваригача (3 млн 400 минг сўмгача) бўлган харидлар суммаси доирасида амалга оширилиши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, реестрга киритилганларнинг харидлари учун ҚҚС қайтариб бериладиган товарлар рўйхатида бугунгача қўй, мол, парранда гўштлари, тухум ҳамда ўсимлик ёғи бор эди.