Шавкат Мирзиёев 9 январь куни савдо ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ривожлантириш, маданият ва туризм объектларини қуриш лойиҳалари тақдимоти билан танишди.

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз тумани ва Тошкент вилоятининг Паркент туманининг тоғли ландшафти билан қизиқувчи сайёҳлар учун шарт-шароитларни кенгайтириш мақсадида Шаҳрисабздаги Мираки, Паркентнинг Нуробод ва Кумушкон ҳудудларида замонавий дам олиш масканларини барпо этиш кўзда тутилган.

туризм, шавкат мирзиёев

Бундан ташқари, Қашқадарёдаги Майданак тоғ масканида енгил конструкцияли ҳостеллар қуриш, мавжуд биноларни савдо ва хизматларга қайта ихтисослаштириш, ҳудудни ободонлаштириш мўлжалланган.

Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервюсида Мираки қишлоғида 10 гектар майдонда меҳмонхона комплекси қурилаётганини маълум қилди. У ерда осма дор йўли лойиҳаси ҳам ишга туширилиши кутилмоқда.

Паркент туманида 100 гектар майдонда туристик комплексни қуриш ва туристик зонани ривожлантириш режалаштирилган.

Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиевнинг маълум қилишича, 2023 йил якуни бўйича туризм соҳасида умумий қиймати 771 млн долларлик 587 лойиҳа амалга оширилган, 10 766 та иш ўрни яратилган. 2024 йилда 32 млн нафар сайёҳни жалб этиш (шундан 10 миллиони хорижлик, 22 миллиони маҳаллий), туризм экспортини эса 2,5 миллиард долларга етказиш топширилган.