Самарқанд вилоятида икки нафар солиқ инспекцияси ходими пора олишда айбланиб, судланди. Бу ҳақда Sevimli телеканалининг «Замон» информацион дастурида маълум қилинди.

Қайд этилишича, Самарқанд тумани Давлат солиқ инспекцияси ходими Булунғур туманидаги тадбиркорга корхонасининг солиқ базасида жисмоний шахслардан олинадиган даромад ва ижтимоий солиқлардан асоссиз ҳисобланган қарздорликни камайтиришда ёрдам беришини айтган.

Солиқчи бунинг учун 1000 доллар талаб қилган. Шундан сўнг у тадбиркорнинг 300 миллион сўмга яқин солиқ ва пеня қарздорлигини камайтиришда Булунғур тумани солиқ инспекцияси камерал солиқ текширувлари шуъбаси бошлиғи лавозимида ишловчи танишини шерик қилган.

Шуъба бошлиғи эса корхонанинг солиқ базасидаги 281 млн сўм солиқ қарздорлигини тахминан 277 млн сўмга камайтирган ва 15 млн сўм пеня ҳисоблангани ҳақидаги маълумотни ҳамкасбига жўнатган.

Солиқчи Самарқанд шаҳридаги кафелардан бирида тадбиркордан 500 доллар олаётганда ашёвий далиллар билан ушланган.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида ўтказилган суд мажлисида солиқ ходимларига ҳукм ўқилган. Уларнинг иккаласи ҳам Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 2-қисми «в» банди билан айбдор деб топилиб, 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган.