Жисмоний шахслар томонидан сотиб олинган товарлар (хизматлар) қийматининг 1 фоизини уларнинг фискал белгили чеклари солиқ органларининг махсус мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтказилган тақдирда қайтарилиши бўйича юқори чегара ўрнатилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабаридан англашилади.

Маълум бўлишича, «Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида жамоатчилик назорати самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳукумат қарорига ўзгартириш киритилган.

«Жисмоний шахслар томонидан бир ой давомида сотиб олинган товарлар (хизматлар) қийматининг БҲМнинг 60 бараваридан (20 млн 400 минг сўм) ошмаган қисмидан 1 фоизи уларнинг фискал белгили чеклари солиқ органларининг махсус мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтказилган тақдирда қайтарилиши белгиланди», — дейилади хабарда.

Илгари кешбэклар қайтарилиши бўйича маълум бир қиймат белгиланмаган эди. Базавий ҳисоблаш миқдорининг ҳозирги қийматида бу харидорлар эндиликда ҳар ой фақат 20 млн 400 минг сўмгача харидлари чекларини солиқ органининг махсус мобил иловаси орқали сканерлаб, кешбэк олиши мумкинлигини англатади. Яъни бир ойда жами 204 минг сўмдан кўп кешбэк олиб бўлмайди. Бу қиймат БҲМ ошиш билан ўзгариши мумкин.

Шунингдек, корпоратив карталар орқали сотиб олинадиган товарлар учун кешбэк бериш амалиёти бекор қилинди.