Ижтимоий тармоқларда Хоразм вилояти Урганч шаҳрида 14 ёшли боланинг тан жароҳатлари билан тасвирга олинган видео тарқалди.

Видеода номаълум эркак боладан бу ишни ким ва нима сабабдан қилгани ҳақида сўраган. Бола уни соч қуритувчи қурилма сими билан уришгани ва тепишганини айтган. Унинг боши ва юзида кўкаришлар ва чандиқлар кўринади.

Ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг маълумот беришича, болага тан жароҳатлар 7 январь куни ўзининг отаси томонидан етказилган. 51 ёшли А.Х. ўғлини ахлоқсизликка йўл қўйгани важи билан калтаклаган.

Ҳозирда вояга етмаган болага тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилган. Тегишли судга оид экспертизалар тайинланган.

Ҳолат юзасидан Урганч шаҳар Ички ишлар органлари томонидан тергов олди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.