Жанубий Корея Миллий ассамблеяси (парламенти) итларни гўштини истеъмол қилиш мақсадида кўпайтириш, сўйиш ва сотишни тақиқловчи қонунни қабул қилди, деб хабар бермоқда Yonhap.

208 нафар депутат ҳужжатни маъқуллаб овоз берди, икки нафари бетараф қолди. Энди уни президент Юн Сок Ёль имзолаши керак.

Қонун 2027 йилда тўлиқ кучга кириши кутилмоқда ва қоидабузарлар икки йилгача қамоқ ёки 30 миллион вон (тахминан 30 минг доллар) миқдорида жаримага тортилиши мумкин. Ҳужжатда ит гўштини бевосита истеъмол қилганлик учун жазо назарда тутилмаган, дея қайд этди AP.

Бугунги кунда Жанубий Кореяда 1150 га яқин ит фермаси мавжуд ва уларда ярим миллионга яқин ит боқилади. Фермерлар қонун лойиҳасига норозилик билдирди: уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, миллионга яқин одам ишсиз қолади. Аммо, қонунга кўра, озиқ-овқат учун итларни профессионал равишда кўпайтириш билан шуғулланувчиларга фаолият соҳасини ўзгартириш учун субсидиялар берилади.

Мамлакатда, шунингдек, 34 та қассобхона, 219 та ит гўштини етказиб берувчи таъминот компанияси ва ит гўштидан тайёрланган таомлар сотувчи 1600 га яқин ресторан мавжуд, дея қайд этади Yonhap.

Қонунни Жанубий Кореянинг биринчи хоними Ким Кон Хи очиқ қўллаб-қувватлаб, гўшт учун ит кўпайтиришни тақиқлаш Юн Сок Ёлнинг сайловолди ваъдаларидан бири эканини таъкидлади, деб ёзади агентлик. Уларнинг уй ҳайвонларини ёқтириши маълум: оиланинг тўртта ити ва учта мушуги бор.

CNN`нинг таъкидлашича, сўнгги ўнйилликларда Жанубий Кореяда уй ҳайвонларини боқиш ортгани сабабли ит гўштини истеъмол қилиш амалиёти кескин танқидга учрамоқда. Ҳайвонлар ҳуқуқлари фаоллари ва халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳлари қонун лойиҳаларини илгари суришда катта роль ўйнади.

Gallup Korea`нинг 2022 йилги сўровида респондентларнинг 64 фоизи ит гўштини истеъмол қилишга қарши чиққан, бу 2015 йилдаги шунга ўхшаш сўров натижаларига қараганда анча юқори, деб ёзади CNN. 2005 йилдан 2014 йилгача Сеулда ит гўштини сотувчи ресторанлар сони талабнинг пасайиши туфайли 40 фоизга камайган.