2022 йил январида бўлиб ўтган кенг кўламли норозилик намойишлари чоғида маҳбусларни қийноққа солган Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг 40 дан ортиқ ходими жиноий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда мамлакат Бош прокуратураси «Власт» нашрига маълум қилди.

Департамент маълумотларига кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан 42 нафар хавфсизлик хизмати ходимига нисбатан 12 та жиноят иши судларга юборилган. Ишлардан 10 нафари бўйича Ички ишлар вазирлигининг 22 нафар ва Миллий хавфсизлик қўмитасининг (МХҚ) 12 нафар ходими судланган. Хабарда улар қандай қамоқ жазоларига ҳукм қилинганига аниқлик киритилмаган. Ҳозир судда Олмаота вилояти полициясининг тўрт нафар ходими ва Олмаота шаҳрининг Олмали туманининг уч нафар маҳаллий инспекторига нисбатан яна икки иш кўрилмоқда.

Бундан ташқари, Олмаота, Талдиқўрғон, Семей, Уст-Каменогорск ва Атирау шаҳарларида маҳбусларни қийноқларга солиш бўйича яна 19 та жиноий иш бўйича тергов ўтказилмоқда. Уларда қанча одам иштирок этгани ҳақида маълумот берилмаган.

Умуман олганда, январь воқеаларидан кейин ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан 5300 та жиноий иш қўзғатилди, шу жумладан, 45 таси мансаб ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш бўйича. Улар бўйича қарийб 1400 нафар шахс судланган бўлиб, улардан минг нафардан ортиқ фуқаронинг жазо муддати қисқартирилган.

  • 2 январь куни Қозоғистон ғарбидаги Жанаўзен шаҳрида суюлтирилган газ нархи ошишига қарши норозилик намойишлари бошланди ва тезда бутун мамлакат бўйлаб тарқалди. Ижтимоий ва сиёсий масалалар ҳам биринчи ўринга чиқди. 5 январга ўтар кечаси тинч намойишлар тартибсизликларга айланиб кетди, Олмаотада ҳокимлик бинолари, президент қароргоҳи ва бошқа ҳукумат бинолари ёқиб юборилди. Президент Қасим-Жомарт Тоқаев бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилди ва 6 январь куни КХШТ қўшинлари Қозоғистонга кирди.
  • Расмий маълумотларга кўра, Қозоғистондаги тартибсизликлар пайтида 238 киши ҳалок бўлган, улардан 19 нафари ҳуқуқ-тартибот ходимларидир. Олти киши қийноқлардан вафот этди.