Azon медиа гуруҳи (Azon.uz сайти, Azon FM онлайн радиоси, Azon TV онлайн телевидениеси) барча лойиҳаларни тўхтатди. Бу ҳақда Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган Azon New Media асосчиси Алишер Турсунов маълум қилди.

«Azon.uz барча лойиҳаларини тўхтатди. Сабабларини кейинроқ, маъқул топилса маълум қилинади», — деб ёзди у.

Ўзбекистонда ислом дини мавзусига ихтисослашган Azon.uz 2017 йил август ойидан бери фаолият кўрсатмоқда. Онлайн нашрнинг кўзланган мақсадлари «аҳолининг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондириш, дин ва таълим соҳасидаги ўзгаришларга ҳисса қўшиш, мамлакат ва хориждаги воқеаларни таҳлил қилиш» деб таъкидланади сайтда.

Нашрнинг ижтимоий тармоқлардаги веб-сайти ва саҳифалари очилмаяпти. Azon TV YouTube саҳифасининг (1,2 миллиондан ортиқ обуначига эга) номи Фикрат деб ўзгартирилди, диний видеолар олиб ташланди.

2021 йил июнь ойида суд Azon.uz сайтининг тўрт нафар раҳбарини диний материалларни экспертизасиз чоп этгани учун жаримага тортди. Собиқ бош муҳаррир Абдулазиз Муборак буни «сайт овозини ўчиришга уриниш» деб атади. Бунга норозилик сифатида Kun.uz сайти (у ҳам диний мазмундаги материаллар учун жаримага тортилган) янгиликларни чоп этишни вақтинча тўхтатганди.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Similarweb платформаси маълумотларига кўра, Azon.uz сайтига ойига ўртача 400−500 мингдан ортиқ киши ташриф буюриб келган.