Тошкент шаҳридаги «Арзон Дорихона» МЧЖга берилган лицензия бекор қилинди, дея хабар қилди Фармацевтика фаолиятини лицензиялаш бошқармаси

Фармацевтика фаолиятини лицензиялаш бошқармаси мутахассислари томонидан фуқаро мурожаати асосида Тошкент шаҳар Учтепа тумани Фозилтепа кўчаси, 26Б уй манзилида жойлашган «Арзон Дорихона» МЧЖга тегишли дорихонада текширув ўтказилди.

Таҳлиллар натижасига кўра, 25 турдаги дори воситаси тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника Давлат рўйхатидан ўтмагани ҳамда ушбу дори воситаларининг мувофиқлик сертификати мавжуд эмаслиги аниқланган.

Юқоридаги ҳолат бўйича, «Арзон Дорихона» МЧЖга дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш фаолияти учун 2020 йил 9 сентябрь куни берилган 1010-сонли лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг Тошкент туманлараро иқтисодий судига киритган даъво аризаси суднинг тегишли ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилди ҳамда «Арзон Дорихона» МЧЖга берилган лицензия бекор қилинди.

Маълумот учун, «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 20-моддасига мувофиқ сифатсиз, қалбакилаштирилган, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган дори воситаларини ва тиббий буюмларни, шунингдек Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини харид қилиш, чакана реализация қилиш ва улардан фойдаланиш тақиқланади.