Ўзбекистон ва Қозоғистон ўзаро савдодаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузади. Бу ҳақда 5 январь куни Тошкентда Қозоғистон Савдо ва интеграция вазири Арман Шаккалиев ва Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов келишиб олди.

Лазиз Қудратов (ўртада).Лазиз Қудратов (ўртада).

Вазирлар президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг ташрифи доирасида имзоланган сармоявий битимлар ва савдо шартномаларини амалга ошириш «йўл харитаси» бўйича олиб борилаётган ишлар, савдо-иқтисодий ва саноат кооперациясини янада ривожлантириш истиқболлари ва жорий лойиҳаларни амалга оширишнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди.

Охирги 6 йил ичида товар айирбошлаш ҳажми қарийб 2,5 баробар ошиб, 2016 йилдаги 1,9 миллиард доллар 2023 йилда 4,6 млрд доллардан ошди.

Томонлар, шунингдек, яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини 10 млрд долларга етказиш бўйича қатор чора-тадбирлар тўғрисида келишиб олдилар.

UzKazTrade қўшма ташқи савдо компанияси орқали икки мамлакат бозорларида кенг турдаги товарларни сотиш учун онлайн савдо майдончасини яратиш режалашатирилмоқда.

Арман Шаккалиев.Арман Шаккалиев.

Бундан ташқари, вазирлар «Марказий Осиё» саноат кооперацияси халқаро маркази фаолиятини ташкил этишнинг амалий жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда саноат кооперациясини ривожлантириш юзасидан конструктив фикр алмашди. Бугунги кунда унга инфратузилма яратиш ва улаш ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ мазкур объект «Атамекен» ва «Гулистон» назорат-ўтказиш пунктлари яқинида жойлашган бўлиб, ўз ичига ишлаб чиқариш майдончалари, товарлар ва ускуналарни сақлаш омборлари, шунингдек, транспорт инфратузилмасини қамраб олиши хабар қилинган. Бу товарларни етказиб беришни тезлаштиради ва логистика харажатларини камайтиради.

Марказ янги ишлаб чиқаришлар, иш ўринлари, қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларини қайта ишлашни рағбатлантириш, шунингдек, юкларни келгусида ташиш учун логистика хизматларини кўрсатиш имконини беради.

2023 йилнинг март ойида UzTrade ва KazTrade ўртасида Ўзбекистондан мева-сабзавот ва Қозоғистондан ун етказиб бериш бўйича UzKazTrade қўшма компанияси ташкил этилган. Бироз вақт ўтгач, UzKazTrade Ўзбекистондан Қозоғистонга мева ва сабзавотларни тижорат маржасисиз улгуржи сотишни режалаштираётгани маълум бўлган.