1 январдан Ўзбекистонда жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи ставкалари оширилди ва уларни ҳисоблаш тартиби ўзгарди. Бу солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилингани муносабати билан қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонунда назарда тутилган.

Тарифлар 10,7−12,2 фоизга ошди.


Солиқ солиш объектлари
Аввалги тарифлар,
% да
Янги тарифлар,
% да

1.
Умумий майдони 200 квадрат метргача бўлган уй-жойлар, квартиралар, дала ҳовли иморатлари, кўп квартирали уйларга узвий боғлиқ бўлган автомашина турар жойлари, шунингдек, бошқа иморатлар, бинолар ва иншоотлар
0,28
0,31
2.
Умумий майдони қуйидагича бўлган шаҳарларда жойлашган уй-жойлар ва квартиралар:



200 кв.м дан 500 кв.м гача
0,37
0,41

500 кв.м дан ортиқ
0,49
0,55
3.
Бошқа аҳоли пунктларида жойлашган, умумий майдони 200 кв.м дан ортиқ бўлган уй-жойлар ва квартиралар, дала ҳовли иморатлари
0,37
0,41
4.
Тадбиркорлик фаолияти учун юридик шахс ёки ЯТТга ижарага беришда фойдаланиладиган солиқ солиш объектлари, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти ва/ёки даромадлар олиш учун мўлжалланган, яшаш учун мўлжалланмаган кўчмас мулк объектлари
1.5
1.5

Шу билан бирга, Солиқ қўмитаси қайд этганидек, солиқ юкини адолатли тақсимлаш мақсадида жисмоний шахсларга тегишли бўлган тадбиркорлик фаолияти учун юридик шахс ёки ЯТТга ижарага беришда фойдаланиладиган солиқ солиш объектлари, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти ва/ёки даромадлар олиш учун мўлжалланган кўчмас мулк объектларининг солиқ базасини ҳисоблаш тартиби юридик шахслар учун белгиланган тартиб билан бирхиллаштирилди. Ушбу ўзгаришлар аҳолининг уй-жой мулкига таъсир қилмайди.

Яъни 2024 йил 1 январдан жисмоний шахслар эгалигидаги нотурар объектларнинг солиқ базаси қуйидаги миқдорларда 1 квадрат метр учун мутлақ миқдорда белгиланган энг кам қийматдан паст бўлиши мумкин эмас:

  • Тошкент шаҳрида — 3 млн сўм;
  • Нукус шаҳрида ва вилоят марказларида — 2 млн сўм;
  • бошқа шаҳарларда ва қишлоқ жойларда — 1,2 млн сўм.

«Газета.uz»даги маълумотларга кўра, бундай қарор турар жой бўлмаган йирик бинолар (офислар), жумладан, йирик маҳаллий компанияларга қарашли бинолар жисмоний шахсларга номига рўйхатга олингани сабабли қабул қилинган.

Агар объектнинг 1 квадрат метри қиймати белгиланган минимал миқдордан паст бўлса, солиқ тўловчилар кўчмас мулк қийматини солиқ солиш мақсадларида баҳолаш учун мустақил баҳоловчиларни жалб қилишлари мумкин. Бунда, мустақил баҳолаш натижалари солиқ солинадиган база сифатида тан олинади.

Баҳоловчилар реестрини Давлат активларини бошқариш агентлигининг веб-сайти орқали топиш мумкин.

Ўзгартиришларга кўра, жисмоний шахслар сўнгги 2 йил давомида баҳоловчи ташкилотлар томонидан ўтказилган кўчмас мулкни баҳолаш натижаларидан мол-мулк солиғи базасини аниқлашда фойдаланиш мумкин.

Бундан ташқари, 1 квадрат метр учун минимал қиймат тартиби жисмоний шахслар эгалигидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва сақлаш, ипак қурти етиштириш учун фойдаланиладиган кўчмас мулк объектлари ҳамда миноралар, кўприклар (эстакадалар), резервуарлар (ўт ўчириш иншоотлари, цистерналар), бостирмалар, шийпонлар, бетон майдонлар ва деворлар (бордюрлар)га нисбатан қўлланмайди.