2 январь куни соат 16:00 атрофида Жиззах вилояти Зомин туманида автобус иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатда бир киши ҳалок бўлди, дея хабар берди Йўл ҳаракат хавфсизлиги хизмати.

Ҳодиса туманнинг Ҳамид Олимжон маҳалласидан ўтган 4Р-40 автомобиль йўлининг 2-километрида содир бўлган. Даштобод-Зомин йўналиши бўйича ҳаракатланган автобус ҳайдовчиси чапга бурилаётиб, рўпарадан келаётган «ВАЗ2106» машинасининг йўлига чиқиб кетган ва улар тўқнашган.

Оқибатда «Жигули»даги 50 ёшли йўловчи турли тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. У кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, вафот этган.

Ҳодиса юзасидан Зомин тумани ИИБ тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.