АҚШ Миллий меҳнат муносабатлари кенгаши (NLRB) ракета ва сунъий йўлдошлар ишлаб чиқарувчи SpaceX компаниясини компания бош директор Илон Маскни танқид қилиб хат ёзгани учун саккиз нафар ходимини ноқонуний равишда ишдан бўшатишда айблади, деб ёзмоқда The Guardian.

2022 йил июнь ойида SpaceX раҳбариятига йўлланган хатда ходимлар Маскнинг 2020 йилдан бери ёзиб келган бир қанча твитларидан шикоят қилган. Уларнинг фикрича, твитларнинг аксарият қисми жинсий мавзуда бўлган.

Ходимлар Маскнинг сўзлари компаниянинг «иш жойдаги ножўя хатти-ҳаракатларга оид сиёсати»ни бузганини иддао қилиб, SpaceX`ни уларни қоралашга чақирган.

NLRB минтақавий идорасининг судга юборилган шикоятида SpaceX ишчиларнинг федерал меҳнат қонунчилигида назарда тутилган ҳуқуқларини бузгани айтилади. Шикоятда, шунингдек, компания мактуб юзасидан ишчиларни сўроққа тутгани, имзо қўйган шахсларни камситгани ва бу ишни қилганларни ишдан бўшатиш билан таҳдид қилгани қайд этилган.

Агар SpaceX ишни ўзи ҳал қилмаса, уни маъмурий судья кўриб чиқади, унинг қарори устидан федерал апелляция судига шикоят қилиш мумкин. Суд мажлиси 5 мартга белгиланган.

  • Ноябрь ойида Reuters агентлиги 2014 йилдан бери SpaceX ходимлари иш вақтида турли оғирликдаги камида 600 та жароҳат олгани ҳақида хабар эълон қилган эди. Баъзи ҳолларда бу жароҳатлар ногиронлик ёки ўлимга олиб келган. Агентлик юқори даражадаги жароҳатларни Илон Маскнинг Марсга имкон қадар тезроқ учиш истаги билан боғлаган.