Ўзгидромет агентлиги матбуот хизмати 6−7 январь кунлари кутилаётган об-ҳаво маълумотларини эълон қилди.

Шанба куни шимолий ҳудудларга нисбатан салқин ва нам ҳаво кириб келиши бошланади, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида куннинг иккинчи ярмида баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин. Қолган ҳудудларда қуёшли, қуруқ ва жуда илиқ об-ҳаво бўлиши кузатилади. Кундузи ҳарорат +16…+18 даража илиқ бўлади.

7 январь куни нисбатан салқин ва нам ҳаво кириб келиши мамлакатнинг барча ҳудудларига тарқалади, республика бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғади, тоғолди ва тоғли ҳудудларда ёғингарчилик бўлади, баъзи жойларда кучли бўлиши мумкин.

Фақат Фарғона водийси вилоятларида ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туради. Республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучайиши кутилмоқда. Кундузги ҳаво ҳарорати +9…+14 даража илиққача пасаяди.

Пойтахтда шанба куни ёғингарчилик кутилмайди, ҳаво ҳарорати +16…+18 даража илиқни ташкил этади. Якшанба куни вақти-вақти билан ёмғир ёғади, ҳарорат кечаси +6…+8 даража илиқ атрофида бўлади, кундузи +12…+14 даража илиққача бироз пасаяди.