Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Гебрейесус бутун дунё бўйлаб COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани сабабли ниқоб тақиш ва вакцина олишни давом эттиришга чақирди.

«Сўнгги ҳафталарда кўплаб мамлакатларда COVID-19, грипп ва бошқа патогенлар келтириб чиқарадиган нафас йўллари касалликлари сони кўпайиб бормоқда ва бу давом этиши кутилмоқда», — деб ёзди Гебрейесус Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида.

ЖССТ раҳбари, шунингдек, COVID-19 учун тест топширишга, зарур ҳолатларда шифокорлардан тиббий ёрдам олишга чақирди.

«Ҳукуматларга: фуқаролар, айниқса, оғир инфекция хавфи юқори бўлганлар учун ишончли тестлар, даволаш усуллари ва вакциналарга киришни таъминланг», — дея қўшимча қилди Гебрейесус. Шунингдек, у барча мамлакатлар расмийларига вируснинг эҳтимолий мутацияларидан эҳтиёт бўлишни тавсия қилди.

ЖССТнинг сўнгги ҳисоботига кўра, 2023 йилнинг 20 ноябридан 17 декабрига қадар дунёда коронавирус билан касалланишнинг янги ҳолатлари аввалги ойга нисбатан 52 фоизга ошиб, 850 минг кишини ташкил қилган.