Халқаро форумлар саройида 2023 йилнинг 28 декабрь куни таниқли пианиночи Лола Астанованинг концерти бўлиб ўтди. «Успенка» битирувчиси ҳисобланган асли тошкентлик Лола 20 йилдан бери АҚШда яшаб, мусиқий карьерасини қуриб келмоқда. У ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини муваффақиятли юритади — биргина Instagram’да унинг ижодини 1,3 млн киши кузатиб боради, YouTube’да эса видеолари қарийб 100 млн марта кўрилган. Тошкентдаги концертидан сўнг «Газета.uz» учун берган эксклюзив интервьюсида пианиночи ижтимоий тармоқлардаги машҳурлик, ўзбекистонлик мусиқачиларнинг хориждаги муваффақиятлари сабаблари, мусиқани ўргатишдаги ёндашувлар ўртасидаги фарқ, қаттиққўл устозларнинг ўрни ҳамда февралда Ўзбекистон пойтахтида ўтказилиши кутилаётган янги концерти ҳақида сўз юритди.

— Концертдан кейинги ҳислар қандай?

— Ҳиссиётлар жўш урмоқда, сабаби қандайдир мўъжизавий Янги йил кайфияти ҳукмрон. Олқишлардан, илиқ кутиб олишганидан, умуман, бу ерда эканлигимдан жуда мамнунман. Томошабинлар, меҳмондўстликдан ҳали ҳам ҳайратдаман ва ғоятда мамнунман.

— Бугун «Ўзбекистон яккахонлари» камера оркестри билан бирга чиқиш қилдингиз. Жонли репетиция учун бир-икки кун вақтингиз бор эди, холос — илгари бирга ишламаган оркестр билан концерт ўтказиш қийин бўлмадими?

— Оркестр билан ижро ажойиб бўлди. Репетиция кам бўлганига қарамай, биз дастурни тўлиқ, яхши ижро этдик, машқ қилдик, ҳеч қандай қийинчилик бўлмади. Назаримда, оркестр жуда юқори савияга эга. Концертда эса репетиция жараёнидагидан ҳам яхшироқ бўлди — бу ҳамиша одамни қувонтиради.

— «The Journey to the Theatre of Silence» деб номланган фильмингизда бармоқларингизни ҳавода ҳаракатлантириш саҳнаси бор. Буни кўрганимда, сиз саҳнага чиқишдан олдин бармоқларингиз ва қўлларингизни шундай қиздириб оласиз, деган хаёлга боргандим. Ҳақиқатан ҳам шундайми?

— Ҳа, тўғри топдингиз. Сабаби, айрим ҳолларда, пардоз хонаси ёки саҳна орқасида ҳеч қандай мусиқа асбоби бўлмайди. Саҳнага эса, албатта, қизиган қўллар билан чиқиш керак, чунки ижро сифати шунга боғлиқ. Шунинг учун қиздириб оламан. Дейлик, мусиқа асбобим бўлмаса, қўлларимни қиздириб олишим, қандайдир мини-машқ қилишим мумкин. Мен бу ҳақда ҳатто ўйламайман ҳам — бу, қандайдир тарзда, ўз-ўзидан содир бўлади.

Бу саҳнадаги рояль — ажойиб! Назаримда, мен чалган роляллар ичида энг яхшиларидан бири. Ҳатто энг катта ва донғи кетган саҳнада ҳам, масалан, Нью-Йоркдаги Карнеги-ҳолл концерт залида ҳам яхши рояль бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун мен ушбу саҳнани эътироф этишим лозим — Форумлар саройи дунёдаги энг яхши мусиқа асбобларидан бирига эга.

интервью, лола астанова, мусиқа

— Ижтимоий тармоқлар сизни янада машҳур қилди, бироқ бу мусиқадаги карьерангизга қай даражада таъсир қилди? Карьерангиз ижтимоий тармоқлар пайдо бўлишидан олдин ҳам муваффақиятли ривожланиб келган. Ижтимоий тармоқлар бўлмаганида, фаолиятингиз қандай давом этган бўларди?

— Ижтимоий тармоқлар — ҳаётимизнинг ажралмас қисми, айниқса, ижодкор учун. Менимча, бунда салбий жиҳатлардан кўра ижобий жиҳатлар кўпроқ. Биринчидан, сиз томошабин билан, тингловчиларингиз билан тўғридан-тўғри боғланиш имконига эгасиз. Эндиликда мунаққидлар ёки ўз фикрини билдириши керак бўлган қандайдир хос одамларга муҳтож эмассиз. Тингловчи ўзи томоша қилиши, тинглаши, унга ёқадими ёки йўқ, концертга борадими, чипта сотиб оладими — ўзи ҳал қилиши мумкин.

Ижтимоий тармоқларнинг мунозарали жиҳатлари ҳам бор. Масалан, одамлар кўрган нарсасини бошқаларга улашиши учун у ерда ҳамма нарсани бироз бўрттиришга тўғри келади. Кўпчилик лайклар, кўришлар ва обуначилар сонига муккасидан кетади. Албатта, бу нарса бор. Бироқ, бунга табиий ҳолдек ёндашсангиз ва эътибор бермасангиз, ижтимоий тармоқлар — кўп жиҳатдан ижобий.

Ижтимоий тармоқлар пайдо бўлгунгача карьерам классик йўналишда ривожланган: симфоник оркестрлар иштирокида Рахманинов, Чайковский симфониялари, концертлар. Бироқ, айтишим керакки, ҳозир академик мусиқа мен учун унчалик қизиқ эмас. Эндиликда мени ўз муаллифлик мусиқамни чалиш, ўз эстетикамни яратиш кўпроқ қизиқтиради. Сабаби — классик мусиқалар, уларни қанчалик севмайлик, ҳаммаси аллақачон ижро этиб бўлинган. Ҳозирда мен бошқа йўналишдан кетяпман.

интервью, лола астанова, мусиқа

— Адашмаётган бўлсам, «Love in the Time of COVID» албомини чиқарганингизда, бу соф классик мусиқадан иборат сўнгги албомингиз эканини айтгандингиз. Бу академик мусиқага қизиқишнинг пасайганлиги билан боғлиқми?

— Ҳа, шубҳасиз, боғлиқ. Албатта, бу мусиқа ҳамиша менинг бир бўлагим бўлиб қолади: ҳаётимнинг неча йиллари давомида, менинг мусиқий ДНКам шу билан бошланган, у ҳеч қаерга йўқолмайди. Бироқ, карьера ва ривожланиш нуқтаи назаридан янада каттароқ кўламдаги концертлар, шоуларни тақдим қилмоқчиман. Массив овозни ёқтираман. Тақдимот, аранжировкалар нуқтаи назаридан менда жуда кўп ижодий ғоялар бор. Мен мусиқа ёзаман ва бу мен учун ҳозир жуда муҳим, чунки илгари мавжуд бўлмаган нарсани яратиш бошқа бастакорларнинг мусиқасини ижро этишдан кескин фарқ қилади.

— Ташқи кўриниш ва фэшн чиқишларингизнинг муҳим қисми ҳисобланади. Сизнингча, улар томошабинларнинг концертни қабул қилишига қай даражада таъсир кўрсатади?

— Ҳар бир томошабин ўзи учун нимадир олади. Кимдир бор диққатини мусиқага қаратади, ким учундир эса концерт — бу шунчаки бирор жойга чиқиш. Бошқа одамлар кўпроқ қиёфага, кийимга эътибор беради. Яъни, ҳар ким ўзидан келиб чиқиб реакция қилади.

Мен буни ёмон, деб ўйламайман. Сиз аудио ва визуал қисмларни биргаликда тақдим этасиз, томошабин эса нимага эътибор қаратишни ўзи танлайди. Бироқ, энг асосийси, ҳаммаси юқори даражада бўлиши керак: ижро ҳам, ташқи кўриниш ҳам. Бахтга қарши, деймизми, бахтимизгами, бугунги дунё шунақа, ундан ҳеч қаерга қочиб қутилиб бўлмайди.

интервью, лола астанова, мусиқа

— Бугунги кунда юлдуз бўлиш ва Карнеги-ҳоллда концерт бериш учун пулинг кўп бўлса кифоя, деган нуқтаи назар мавжуд. Мусиқада карьера қилиш учун консерваторияда таълим олиш зарурми ёки ижтимоий тармоқлардаги фаоллик ва ижодкор бўлишнинг ўзи кифоями?

— Ижтимоий тармоқларда бўлишнинг ўзигина етарли эмас. Ҳеч қандай маҳоратга эга бўлмаган ҳолда жонли концерт берсангиз, ижтимоий тармоқлардаги машҳурлик сизга ёрдам беролмайди. Ҳақиқий қобилиятсиз пул ҳам сизга ёрдам бермаслиги мумкин. Албатта, Карнеги-ҳоллни ижарага олишингиз мумкин, бироқ бу бир марта иш беради. Ҳеч ким бу концертга иккинчи бор ташриф буюрмайди, сабаби — одамлар санъаткор қизиқроқ нимадир айта олиши, маҳорати бор ёки йўқлигини қандайдир тарзда ҳис қилади.

Кўп нарса мусиқа жанрига боғлиқ. Академик мусиқада маълумотга эга бўлмаган ҳолда ажойиб чўққиларни забт этган кўплаб эстрада санъаткорлари бор. Суратни битта ранг билан чизиш мумкин, ўнта ранг билан ҳам чизиш мумкин. Малевич «Қора квадрат»ни чизган. Ҳаммаси сизнинг услубингизга боғлиқ. Албатта, сизнинг арсеналингизда танлов бўлган тақдирда, имкониятларингиз кўпроқ бўлади.

— Ўзбекистонлик бир қатор мусиқачилар: пианиночилар, дирижёрлар ёки бошқа ижрочилар хорижда катта муваффақиятларга эришмоқда. Сизнингча, бу нима билан боғлиқ?

— Ҳақиқатан ҳам шундай ва, биласизми, бу кишини жуда қувонтиради. Назаримда, ўзбекистонлик истеъдодли кишилар ва мусиқачилар талайгина. Бизнинг жуда кучли мактабимиз, кучли устозларимиз бор эди ва улар ақл бовар қилмас санъаткорларни тарбиялади.

Буни қўллаб-қувватлаш ва бундан фахрланиш керак, чунки ҳар қандай соҳада жаҳон саҳнасига чиқиш — ҳазилакам иш эмас. Мен [муваффақиятни] аввалроқ сингдирилган тизим билан боғлайман. Масалан, устозларим энг юқори савиядаги одамлар эди. Ҳозир бу тизимнинг ҳеч бўлмаганда ўхшашини қаердан топиш мумкинлигини ҳатто тасаввур қилиш ҳам қийин. Назаримда, айнан шунинг учун ҳам бу ижодкорлар муваффақият қозонди.

— Сиз ўз ишининг буюк усталари: Тамара Попович, Лев Наумовлардан таҳсил олгансиз. Сизнингча, Ғарб мактабларининг мусиқани ўқитишдаги ёндашувлари нимаси билан бизникидан фарқ қилади?

— Фарқ бор, албатта. Бизнинг устозларимиз анча қаттиққўл бўлган, улар ҳақиқатан ҳам болалардан натижа учун ишлашни талаб қиларди. Менимча, Ғарб мактабларида айнан шундай қаттиққўллик бироз етишмайди. Масалан, Америкада болаларга, ҳатто дарсни ўзлаштирмаган тақдирда ҳам умуман ҳеч нарса дея олмайсиз, танқид қилолмайсиз. Уларни ҳар қандай ҳолда мақташ керак.

Назаримда, бу нотўғри. Мувозанатни топиш лозим. Албатта, бизда боланинг қўлларига уриш каби чегарадан чиқиш ҳолатлари ҳам бўлган. Буни ҳам қабул қилиб бўлмайди. Бироқ инсон ёниб туриши, қандайдир орзуга эга бўлиши ва бирор нарсага эришиш истагида бўлиши учун унга туртки бериш ҳам керак. Бу бизга ҳақиқатан ҳам сингдирилган, чунки одамлар бошқа даражага чиқишни, дунёга танилишни хоҳларди. Бундай иштиёқ болалар учун жуда муҳим, менимча.

интервью, лола астанова, мусиқа

— Демак, бундай қаттиққўллик ўзини оқлади?

— Шубҳасиз. Ва ҳатто нафақат мусиқа бўйича таълим нуқтаи назаридан, балки характер нуқтаи назаридан ҳам. Қатъиятлилик, ҳар қандай қийинчиликларга қарамай олдинга интилиш ва ўз мақсадларига эришиш [истаги] — буларнинг барчаси характернинг бир қисми. Бундай характерни тарбиялаш учун бу устозларимиз жуда кўп куч сарфлаган. Назаримда, бу ўзини 100 фоиз оқлади.

— 2005 йилда АҚШга кўчиб ўтганингиздан сўнг ўзингизни мусиқачи сифатида ривожлантириш ва тарғиб қилишингизга нима ёрдам берди?

— Албатта, мен анъанавий йўлдан бордим: танловлар, фестиваллар, маҳорат дарслари — юзлаб концертлар, ҳаммасини санаб ўтиш имконсиз. Бироқ, шунга қарамай, менда ҳар доим миқёси жиҳатидан ноёб лойиҳалар ўзгача таассурот қолдирган.

Мен ҳамиша ўзимни бироз бошқачароқ кўрганман ва бошқача машҳурликни хоҳлаганман. Танловда ютиб чиқиш учун қандайдир академик қоидаларга мувофиқ ижро этишингиз лозим. Мен эса ҳар доим ўзимни бошқача ифодалаганман. Мен ўзимни кўпроқ шоу-вумен сифатида кўраман.

интервью, лола астанова, мусиқа

— 2018 йилда Оқ уйдаги тантаналар вақтида Америка мадҳиясини ижро этгандингиз. Ўшанда қандай ҳисларни бошдан кечирганингизни айта оласизми?

— Бу жуда ажойиб эди. Иммигрантни, у ерда туғилмаган одамни тасаввур қилинг… Бу классик ҳикоя: ҳеч нарсасиз келгансиз, ҳеч кимни танимайсиз, пулингиз умуман йўқ ва бутун ҳаётингизни нолдан бошлайсиз — ва шундай чўққини забт этасизки, сизни Оқ уйда АҚШ мадҳиясини ижро этишга таклиф қилишади. Бу ҳаётимдаги энг ёрқин концерт ва кунлардан бири бўлганди.

— Классик мусиқани оммалаштириш ғоясига қандай қарайсиз? Бугунги кунда уни фақатгина тор профессионал доираларда тинглаш билан кифояланиб қолмасдан, бироз оммалаштиришнинг имкони борми?

— Бу айнан қандай классик мусиқа эканлигига боғлиқ. Одамлар машҳур куйларни мамнуният билан тинглашади: ўша «Ой сонатаси» ёки фильмлардаги севимли оҳанглар. Ҳар ҳолда, Америкада буни классик мусиқа деб аташади.

Консерваторияда Бетховен, Скарлатти сонаталари, Лигети этюдлари классик мусиқа саналади. Ижтимоий тармоқлардаги кўришлар ва миқёс нуқтаи назаридан, бу қийинроқ. Сабаби — кузатувчилар, менимча, осонроқ, қулайроқ нарсани хоҳлайди.

интервью, лола астанова, мусиқа

— Ўзбекистон ҳаётингизда қандай ўринни эгаллайди?

— Аслида Америкада яшайман, бироқ Ўзбекистонда туғилганман. Ҳамма жойда мени «uzbek-american pianist» деб эълон қилишади.

Болалигим, мусиқа ва санъатдаги илк муваффақиятларим Ўзбекистон билан боғлиқ. Шунинг учун, бусиз иложи йўқ. Албатта, турли саҳналарда мусиқа ижро эта оламан ва ҳаётим аллақачон хорижда ўтиб бормоқда. Бироқ, шу билан бирга, Ўзбекистон мен учун — мутлақо ўзига хос жой ва бу ҳеч қачон ўзгармайди.

— Ўзбек бастакорларининг мусиқаларини ҳеч ижро этганмисиз?

— Эҳтимол, талабалик пайтларим. Ҳозир миллий оҳангларимиз мени жуда ҳам ўзига тортмоқда. Улар ниҳоятда ўзига хос. Мен ҳатто халқ чолғу асбоблари ва қўшиқчилик билан кичик тажрибалар қилиб кўрмоқчиман. Бу ритмлар мен учун жуда мароқли. Ҳозирда буни болалик пайтимдагидан кўра кўпроқ қадрлайман.

— Февралда Тошкентда навбатдаги концертингиз бўлиб ўтади. Концерт бўйича бирор бир ғоя ёки ишланмалар бўлса, баҳам кўра оласизми?

— Ҳа, бу кутилмаган совғаларга бой бўлади. Бугун бўлган концерт бироз тасодифий бўлгани боис — эҳтимол, шунинг учун ҳам қандайдир элементлар учун вақт етарли бўлмади — навбатдаги концерт учун бир неча махсус чиқишлар тайёрламоқчиман. 25 февраль куни барчани Форумлар саройига таклиф этган бўлардим. Жуда қизиқарли, кутилмаган чиқишлар бўлади ва бу барчага манзур бўлади, деб ўйлайман.

— Концертни интиқлик билан кутиб қоламиз.

Видео (рус тилида)