Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Махмудалиев қисқа муддатли меҳнат таътилида бўлгани сабабли ёшлар етакчиси Дилмурод Раҳимжонов вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Ҳокимликка кўра, бунда «замонавий билим ва тафаккурга эга, ташаббускор кадрларни тайёрлаш, ёшларга ўз раҳбарлик қобилиятларини тўла намоён этишлари учун замин ҳозирлаш ва уларга мотивация бериш» мақсад қилинган.

Бундай ташаббус вилоят ҳокими Акмалжон Махмудалиевга тегишли экани таъкидланди. 6 январдан вазифасига киришган Раҳимжонов белгиланган кун тартибига мувофиқ ишлайди.

«У вилоятдаги инвестицион лойиҳалар, ижтимоий соҳа объектлари, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ишлар билан танишади. Шунингдек, ҳудудларда сайёр қабул ҳамда ёшлар билан учрашувлар ўтказилиши ҳам режалаштирилган», — дейилади хабарда.

Келтирилишича, 28 ёшли Дилмурод Раҳимжонов 2022 йилдан буён Гулистон шаҳридаги маҳаллада ёшлар етакчиси сифатида фаолият юритиб келмоқда. У 2023 йилда «Йилнинг энг намунали ёшлар етакчиси» республика танловида 3 ўринни эгаллаган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил январь ойида Андижон вилоятида «Андижонда ёшлар ўн кунлиги» лойиҳаси доирасида ёшлар 10 кун муддатга ҳоким ва унинг ўринбосарлари лавозимига тайинланганди.

Шунингдек, 2020 йилнинг декабрь ойида Навоий вилоятида «Ёшлар фестивали» доирасида «Мен ҳам ҳоким бўламан» лойиҳаси ташкил этилган. Ўшанда вилоятнинг собиқ ҳокими Қобил Турсунов ёшлар билан учрашиб, уларга ҳоким ўрнида «топшириқлар» беришга рухсат этганди.