Ноябрь ойи Ўзбекистондаги метеорологик кузатувларнинг барча йилларида энг иссиқ ноябрь ойи рейтингида биринчи ўринни эгаллади, декабрь ойида эса ҳарорат беқарор бўлди, дея хабар қилди «Ўзгидромет».

Қайд этилишича, декабрь ойининг бошида ва учинчи ўн кунликнинг ўрталарида ҳаво ҳарорати +18…+23 даража илиққача, жанубда +24…+26 даража илиққача кўтарилди. 12−14 декабрь кунлари даврида эса республика ҳудудига Арктика ҳудудларидан совуқ тўлқин кириб келди. Кечалари ҳаво ҳарорати −16…−21 даражагача, шимолда баъзи жойларда −22…−25 даражагача пасайди.

Совуқ об-ҳаво кундуз кунлари ҳам сақланиб турди, ҳаво ҳарорати −7…−12 даража совуқ, шимолда −15…−17 даража совуқ атрофида бўлди.

Совуқ Самарқанд вилоятига бироз ва Қашқадарё вилоятларига, шунингдек, Фарғона водийси ҳудудига қисман таъсир кўрсатди, ҳаво ҳарорати кечалари −6…−11 даражагача, кундуз кунлари 0…-4 даражагача пасайди. Республиканинг энг чекка жанубий ҳудудларига совуқ деярли таъсир кўрсатмади.

Кескин совуққа сабаб бўлган совуқ антитциклон Ўзбекистон ҳудудини тезда тарк этди. Қаттиқ совуқлар 2−3 кун давом этди, сўнг ҳаво ҳарорати декабрь ойи учун бўлган меъёрий қийматларга қайтди.

Республика ҳудудининг катта қисмида кундузги энг юқори ва энг паст ҳарорат ўртасидаги фарқ 30−35 даражани ташкил этди. Шундай қилиб, Тошкентда 4−6 декабрь ва 23−25 декабрь кунлари кундузги ҳаво ҳарорати +19…+22 даражагача кўтарилди, 12−13 декабрь кунлари эса −5…−8 даражагача пасайди.

декабрь, иқлим, ноябрь, об-ҳаво

Метеорологик кузатувлар тарихи давомида декабрь ойида бундан ҳам паст ҳаво ҳарорат кузатилган. Бу ойда минимал ҳароратнинг мутлақ қийматлари −22…−27 даража, баъзи жойларда −29…−32 даражани ташкил этади.

Сўнгги 30 йил ичида ҳароратнинг энг паст қийматлари 2012 йил декабрь ойида қайд этилганди, барча жойларда улар 2023 йил декабрь ойига нисбатан пастроқ бўлди.

Бироқ, 2023 йил 13 декабрь куни Тошкентда декабрь ойининг минимал ҳарорати -15,9 даража совуқ қайд этилган, бу сўнгги ўттиз йил ичида энг паст ҳарорат бўлди. Иккинчи ўн кунликда совуқ тўлқин сезиларли даражада бўлишига қарамай, декабрь ойининг ўртача ойлик ҳарорати меъёрий қийматлардан 1,5−2 даражага, жанубда 2,5−3 даражага юқори бўлди.

2023 йил декабрь ойи қуруқ бўлди. Ҳудуднинг катта қисмида ёғингарчилик декабрь ойнинг ойлик меъёрнинг ярмидан кам бўлди. Фақат Тошкент ва Наманган вилоятларининг айрим тоғ олди ва тоғли ҳудудларида ёғингарчилик миқдори ойлик меъёрга яқин бўлди.

Текислик ҳудудларда ёғингарчилик ёмғир кўринишида ёғди. 11−12 декабрь кунлари ёмғир қорга айланди ва республика бўйича баъзи жойларда баландлиги 1−5 см, Тошкент вилоятида 9−11 см гача бўлган қор қоплами ҳосил бўлди. Ёмғир қорга айланиши ой охирида ҳам кузатилди, аммо бунда қор қоплами ҳосил бўлмади.

Тоғли ҳудудларда қор қопламининг баландлиги ой охирига меъёрдан 30 фоиздан 75 фоизгачани, Тошкент вилоятининг айрим тоғли ҳудудларида 100−110 фоизгачани ташкил этди.