КХДР Жанубий Корея билан чегарага яқин ғарбий соҳилдаги сувларга 200 га яқин артиллерия снарядларини учирди, деб хабар бермоқда Yonhap ахборот агентлиги.

Агентлик маълумотларига кўра, ҳолат 5 январь куни маҳаллий вақт билан соат 9:00 дан 11:00 гача содир бўлган. Снарядлар денгиз буфер зонасига — икки давлат ўртасида амалдаги чегара бўлмиш Шимолий демаркация чизиғи деб аталадиган ҳудудга тушган.

Корея Республикаси штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси Жанубий Корея аҳолисига ҳам, мамлакат ҳарбийларига ҳам зарар етмаганини маълум қилди.

«Бу Корея яриморолида тинчликка таҳдид соладиган провокацион ҳаракатдир. Шимолий Корея бу учун жавобгарликни тўлиқ ўз зиммасига олади ва биз уларни бу ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга чақирамиз», — дея қўшимча қилди Корея Мудофаа вазирлиги.

Отишма фонида Жанубий Корея ҳукумати Ёнпёнг ва Пенгнёнг ороллари аҳолисини эвакуация қилиш ҳақида эълон берди. CNN`нинг аниқлик киритишича, Ёнпёнгда 2100 дан ортиқ, Пенгнёнгда эса 5000 га яқин аҳоли истиқомат қилади.

Yonhap, шунингдек, жума куни тушдан кейин Жанубий Корея ҳарбийлари ўз денгиз машқларини ўтказгани ва денгиз буфер зонасида 400 га яқин ўқ узилгани ҳақида ёзди.

  • Шимолий Корея охирги марта 2022 йилнинг 6 декабрида Япон денгизидаги буфер зонани артиллериядан ўққа тутган. Ҳозирги ўқ очиш ҳисоб бўйича 16-си бўлди.
  • 2018 йил сентябрида Шимолий Корея ва Жанубий Корея ҳарбий кескинликни камайтириш ва тасодифий тўқнашувларнинг олдини олиш учун денгиз буфер зонасини яратишга келишиб олган. 2023 йилнинг ноябрида Жанубий Корея Шимолий Кореянинг разведка сунъий йўлдошини учириш бўйича келишувни тўхтатганидан сўнг КХДР шартномани бир томонлама бекор қилди.
  • Аввал ҳам Ёнпёнг КХДР томонидан ўққа тутилган. 2010 йилда Пхеньян оролга 170 та артиллерия ўқини отган, оқибатда тўрт киши, жумладан, икки нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган. Бу Шимолий Кореянинг Корея урушидан кейин тинч аҳоли яшайдиган ҳудудларга қилган биринчи ҳужуми эди.