Адлия вазирлиги Ўзбекистонда 2023 туғилган ўғил ва қизларга энг кўп қўйилган исмлар ўнлигини эълон қилди.

Вазирлик тақдим этган статистикага кўра, 2023 йилда туғилган 24 365 нафар ўғил болаларга Муҳаммадали исми қўйилган. Бу ушбу йилда туғилганларга қўйилган энг кўп исм ҳисобланади. Ўнталикда, шунингдек, Мустафо (22 880), Абдуллоҳ (18 116), Муҳаммад (17 025), Муҳаммадюсуф (13 774), Муҳаммадамин (12 450), Нурмуҳаммад (9017), Муҳаммаджон (8843), Имронбек (8591) ва Муҳаммадзиё (8135) жой олган.

Қизларга эса 2023 йилда энг кўп Солиҳа исми қўйилган (24 365). Кучли ўнталикдана Ясмина (19 911), Муслима (15 918), Хадича (10 759), Имона (10 310), Шукрона (9330), Самайя (9279), Ифора (7586), Саъдия (6639) ва Мубина (6558) ўрин олган.

исмлар

Адлия вазирлигининг «Газета.uz»га маълум қилишича, Муҳаммадали исми энг кўп қўйилган исмлар рўйхатида 2019 йилдан буён кетма-кет етакчилик қилиб келмоқда. Солиҳа исми эса 2018 йилдан буён рўйҳатда етакчи. Бошқа йилларда қуйидаги исмлар энг кўп қўйилган:

  • 2015 йил ўғил болаларга Азизбек, қиз болаларга Мубина;
  • 2016 йил ҳам ўғил болаларга Азизбек, қиз болаларга Мубина;
  • 2017 йил ўғил болаларга Муҳаммадали, қиз болаларга Мадина; (Адлия вазирлиги эълон қилган маълумотида ушбу йилда ўғил болаларга энг кўп Азизбек исми қўйилгани қайд этилганди)
  • 2018 йил ўғил болаларга Мустафо, қиз болаларга Солиҳа.

Умуман олганда, Ўзбекистонда 2023 йилда 968 140 нафар чақалоқ туғилиши қайд этилган. Уларнинг 501 577 нафари ўғил, 466 563 нафари қиз бола.