Тошкент шаҳри Жиноят ишлари бўйича Сергели тумани судининг собиқ судьясига нисбатан жиноят иши қўзғатилди, деб хабар қилди Давлат хавфсизлик хизмати. У бу лавозимда 2023 йил 5 декабргача ишлаган.

Собиқ судья ушбу лавозимда бўлиши даврида ўз иш юритувида бўлган қурилиш фирмаси раҳбари ва бошқаларни Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда фирибгарлик) билан айблашга оид жиноят ишини кўриб чиқиши жараёнида ҳокимият ҳаракатсизлиги, далилларни сохталаштириш, адолатсиз ҳукм чиқариш ҳамда товламачилик каби жиноятларни содир этганликда гумонланмоқда.

Тўпланган материаллар асосида Бош прокуратура томонидан ЖКнинг 165 (Товламачилик), 208 (Ҳокимият ҳаракатсизлиги), 230−1 (Далилларни сохталаштириш) ва 231-моддалари (Адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқариш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари ДХХ Тергов бошқармаси томонидан олиб борилмоқда.

ДХХ хабарида собиқ судьянинг исми кўрсатилмаган. Судьялар олий кенгаши эса ўз хабарида фақат бош ҳарфларни очиқлади — Ш. Ю.

Кенгаш собиқ судья махсус операция давомида қўлга олингани ҳақидаги маълумотни рад этди. У «Судьялар олий кенгаши қарори билан жиноий иш қўзғатилишидан анча олдин» лавозимидан озод этилган ва судьялик ваколатлари муддатидан олдин тугатилган, дейилади хабарда.