2 январь куни Токионинг Ханеда аэропортида Japan Airlines компаниясининг Airbus А350 самолёти қўниш вақтида чегара қўриқлаш самолёти билан тўқнашиб кетди. Бир неча дақиқа ичида самолёт аланга ичида қолди, шунга қарамай барча 367 йўловчи ва 12 экипаж аъзоси эвакуация қилишга муваффақ бўлинди.

Эвакуациянинг муваффақияти экипажнинг мукаммал тайёргарлиги ва йўловчиларнинг намунали хулқ-атвори билан амалга оширилди. «Газета.uz» Bloomberg, The New York Times ва CNN нашрларининг бортдаги барча одамларни қандай қутқариб қолгани ҳақидаги материалларидан асосий фикрларни жамлади.

Тўқнашувдан сўнг Japan Airlines стюардессалари «кескин вазиятга» дуч келишди, деб ёзди Bloomberg. Парвоз кемаси ва йўловчилар кабинаси ўртасидаги интерком тизими ишламай қолди, двигателлардан бири ҳали ҳам ишлаётган ва уни ўчириш имконсиз эди, самолётнинг керосин билан тўлдирилган фюзеляжи ёнаётган вақтда саккизта фавқулодда чиқиш жойидан фақат учтаси эвакуация учун очиқ эди.

«Умуман олганда, йўловчиларни қутқариш янада таъсирлироқ: бу самолётнинг илғор дизайни, малакали экипажи ва, энг муҳими, хотиржамликни сақлаган ва қоидаларга амал қилган йўловчилар натижасидир», — дейилади агентлик хабарида.

Йўловчиларни эвакуация қилиш самолёт олдидаги иккита чиқиш жойидан бошланди. Салоннинг орқа томон чап тарафдаги бошқа чиқиш жойга аланга етиб бормаган, бироқ ички алоқа тизими ишламай қолган ва учувчилар, кўрсатмаларга кўра, уни очишга рухсат бера олмаган. Кейин стюардессалар ўз ташаббуси билан кўпроқ одам авариявий трапдан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши учун бу эшикни очди. Экипаж йўловчиларга мегафондан фойдаланиб ёки шунчаки баланд овозда кўрсатмалар беришга тўғри келди.

Самолёт ичидан олинган кадрларда салонга тутун кириб келаётгани ва баъзи йўловчилар ниқоб кийганини кўриш мумкин. Шунга қарамай, хира ёритилган кабина орқали фавқулодда чиқиш жойларига йўл олган йўловчилар орасида ваҳима йўқ эди, деб ёзади Bloomberg.

«Энг муҳими, йўловчилар қўл юкларини самолётда қолдиргани бўлди. Гарчи бу эвакуация вақтида тез-тез такрорланадиган хавфсизлик талаби бўлсада, ўтмишдаги самолёт ҳалокатлари шуни кўрсатдики, баъзи йўловчилар бундай вақтда шахсий нарсаларини олиш учун шошилади. Бу, ўз навбатида, стюардессалар йўловчилар оқимини бошқаришда, жумладан, уларга авариявий трапдан сакрашда ёрдам бериш вақтида хавфли тирбандликни келтириб чиқаради», — дейилади агентлик хабарида.

Самолётнинг илғор дизайни ва яхши ўқитилган экипаждан ташқари фавқулодда вазият пайтида ваҳима йўқлиги эвакуация пайтида энг кўп ёрдам берган омил бўлди, деб ёзади The New York Times. Нашр, шунингдек, йўловчиларнинг аксарияти бортда фақат телефонларини олиб, барча нарсаларини ташлаб кетганига урғу беради.

«Мен баъзи баланд овозларни эшитган бўлсам ҳам, одамларнинг асосий қисми хотиржам эди. Улар [ҳалокат вақти] ўринларидан турмадилар, балки ўтиришда ва кутишда давом этдилар», — деди йўловчи Аруто Ивама. «Шунинг учун биз омон қолишга муваффақ бўлдик деб ўйлайман».

Самолётнинг яна бир йўловчиси, Стокголмлик 17 ёшли Антон Дейбе ҳам бортдагиларнинг барчаси ўзини хотиржам тутганини айтди. «Стюардессалар жуда профессионал эди, лекин уларнинг кўзларидан қўрқиб кетганини кўриш мумкин эди», — деди у ва қўшимча қилишича «ҳеч ким чиқиш учун олдинга югурмади. Ҳамма кўрсатмаларни кутди».

Ҳодиса бўйича тергов давом этмоқда, бироқ CNN интервью берган экспертлар ҳам муваффақиятли эвакуация замонавий самолётлар хавфсизлиги стандартлари ва Japan Airlines авиакомпаниясининг қатъий хавфсизлик маданияти уйғунлиги туфайли амалга оширилганига ишонишади.

«Бу жуда жиддий воқеа. Аммо мен ушбу авиакомпания ҳақида билганларимни ва улар хавфсизлик ва экипажни тайёрлаш учун қанча куч сарфлаганликларини билган ҳолда, уларнинг бундай яхши иш қилгани ажабланарли бўлмаса керак», — деди Буюк Британиядаги Кренфилд университетида хавфсизлик ва ҳодисаларни текшириш профессори Грем Брейтвейт.

Брейтвейтнинг сўзларига кўра, Japan Airlines авиакомпаниясининг шундай хавфсиз авиакомпанияга айланишига деярли 40 йил аввал содир бўлган авиаҳалокат ёрдам берган. 1985 йил 12 августда Токиодан Осакага йўл олган JAL 123-рейси самолётнинг дум қисми шикастланганидан кейин ҳалокатга учради. Самолётда бўлган 524 кишидан 520 нафари ҳалок бўлди. Бу авиация тарихидаги иккинчи энг ҳалокатли ҳодисадир.

«Шубҳасиз, бу авиакомпанияга катта таъсир кўрсатди», деди Брейтвейт. «Улар бу масъулиятни гуруҳ сифатида ўз зиммаларига олишди ва ҳеч қачон бундай нарса такрорланмаслигига ишонч ҳосил қилишни хоҳлашди». Шу сабаб, бирор нарса нотўғри кетса, улар бу вазиятга ундан нима ўрганиш мумкинлиги нуқтаи назаридан қарашади. Барча содир бўлаётган ҳодисалар — яхшироқ бўлиш учун имкониятдир".

Самолётнинг қўниши билан экипаж командири трапдан ерга охирги бўлиб тушган пайтгача жами 18 дақиқа кетди.