26 декабрь куни Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқов шаҳар ҳокимлиги ҳузурида «Кўп квартирали уйларни таъмирлаш бўйича инжиниринг компанияси» давлат муассасасини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Ҳужжат президентнинг 2023 йил 28 августдаги фармони асосида қабул қилинган. Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузурида ҳам шундай компанияларни ташкил этиш режалаштирилган.

Инжиниринг компаниялари кўп квартирали уйларни реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашда буюртмачи функцияларини бажаради, бу борада «ривожланган тажрибалар»ни қўллайди, танлов натижалари бўйича пудратчилар билан шартномалар тузади.

Шунингдек, ИК кўп квартирали уй-жой фонди объектларини аҳоли пунктларини ривожлантириш схемалари ва бош режалари билан боғлаган ҳолда ривожлантириш ва модернизация ҳамда реконструкция қилиш дастурларини ишлаб чиқиши ва уларнинг сифатли бажарилишини таъминлаши, бундан ташқари, ишлаб чиқариш қувватларини ва ижтимоий соҳа объектларини белгиланган муддатларда фойдаланишга топшириш прогнозининг бажарилишини таъминлаши, капитал қўйилмаларининг ўзлаштириш самарадорлигини ошириши, инвестицион циклнинг муддатларини қисқартириши ва бошқаларни қилиши лозим.

Давлат муассаси инвестицион дастурларга киритилган лойиҳаларнинг параметрларини аниқлаштиради ва янги лойиҳаларни киритиш бўйича таклифлар тайёрлайди, инвестиция дастурлари жойлаштириладиган ҳудудларда муҳандислик коммуникацияларини ривожлантиришни (йўл инфратузилмаси, оқова сув, иссиқлик, электр, газ, сув таъминоти, телефонлаштириш ва бошқа масалалар) кўриб чиқиш ва ҳал этишда иштирок этади.

Унинг вазифаларига, шунингдек, уйлардаги лифтларни алмаштириш, таъмирлаш ва модернизация қилиш, уй-жой фондига туташ ҳудудларни ободонлаштириш, дам олиш объектлари ва ижтимоий объектларни таъмирлаш, уйларни санация ва реновация қилаш, уйларни газ ва электр энергияси билан таъминлаш, тармоқларни таъмирлаш, қурилиш майдончалари танлаш ва ажратиш бўйича комиссиялар ишида иштирок этиш ва бошқалар киради.

Бундан ташқари, эндиликда кўп квартирали уйларни бюджет тизими бюджетлари ҳисобидан таъмирлаш билан боғлиқ барча тадбирлар бўйича ишлаб чиқиладиган дастурлар ва манзилли рўйхатларни Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан келишиш мажбурий бўлади.

Шу билан бирга, ИК молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, тегишли равишда вазирликнинг махсус ахборот тизимига амалга оширилган таъмирлаш ишлари ҳажми тўғрисидаги маълумотларни киритиши керак бўлади.

Facebook`даги «УЖМШ ва у билан қандай яшаш мумкин? (Ўзбекистон)» гуруҳи администратори Максим Черниковнинг таъкидлашича, энди бюджет маблағлари ҳисобидан таъмирлаш дастурига киритиладиган уйлар рўйхати мажбурий равишда вазирлик билан келишилади, шунинг учун маҳалла қўмиталари бундан буён ушбу ҳудуддаги уйларни ўз хоҳишига кўра киритиш ёки чиқариб ташлаш ёки уйларга ажратилган маблағлар параметрларини ўзгартириш ҳуқуқига эга бўлмайди.

«Шунингдек, бажарилган ишлар ҳажмини текшириш учун Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига мурожаат қилишингиз мумкин, чунки бу маълумотлар вазирликнинг махсус ахборот тизимига киритилиши шарт. Қанча ҳажм қўшилгани ва қанчаси амалда бажарилганини текшириш вазирлик учун қийинчилик туғдирмайди. Балки энди пудратчилар томонидан бажарилган ишлар ҳажмини ошириб кўрсатиш, демакки, бюджет маблағларини ўғирлаш ҳолатлари ҳам камроқ бўлар», — деди у.

Фаол, шунингдек, компанияга малакали ходимлар ишга олинишига умид билдирди.