Ўзбекистонда 2025 йилдан далада сув ҳисоблагич ўрнатган фермерлар учун солиқ коэффициенти камайтирилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 4 январь куни қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишувида айтилди.

Қайд этилишича, давлат раҳбарининг топшириғига асосан, қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.

Унга кўра, туман ирригация бўлимлари ва махсус хизматлар негизида «Сув етказиб бериш хизматлари» давлат муассасалари ташкил қилинади. Улар экскаватор ва бошқа техникалар билан таъминланади. Бу суғориш тармоқларига хизмат кўрсатиш ишларини 2 баробарга арзонлаштиради.

Шунингдек, барча суғориш тармоқларини хатловдан ўтказиш, эгалари бўйича бириктириш ҳамда ҳар бирининг ягона идентификацион рақамини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.

2024 йилдан далагача етказилган 1 куб метр сув учун солиқ 100 сўм этиб белгиланди.

Сув истеъмолчилари билан ҳисоб-китобни шу тамойил асосида йўлга қўйиш таклиф қилинмоқда. Жумладан, 2025 йилдан бошлаб далада сув ҳисоблагич ўрнатган ва тежамкор технологияларни қўллайдиган фермерлар учун солиқ коэффициенти камайтирилади. Аксинча ҳолатларда эса оширилади. Шу билан бирга, сув етказиб бериш учун тўловлар бекор қилинади.

Йиғилишда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш жозибадорлигини ошириш чоралари ҳам кўриб чиқилди.

Президент матбуот хизматиПрезидент матбуот хизмати

Таъкидланишича, бунинг учун имтиёзли кредит линияси ташкил қилинмоқда. Хусусан, кредитлар 2 йиллик имтиёзли давр билан 5 йил муддатга 14 фоизлик ставкада ажратилади. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги лойиҳалар учун эса 10 фоиз бўлади. Кредит олишда фермерлардан мол-мулк гарови талаб қилинмайди.

Шунингдек, кредитлар «онлайн» ажратилиши йўлга қўйилмоқда. Бу борада Агробанк томонидан «Suvkredit.uz» тизими ишлаб чиқилган. Яна бир муҳим томони, энди пудратчиларга сув тежовчи технологияларни фақат ишчи лойиҳа асосида қуриш, ўрнатилган тизимларга камида 2 йиллик кафолат бериш ва камида 5 йиллик сервис хизмати кўрсатиш каби қўшимча мажбуриятлар юклатилмоқда. Бу талабларни бажармайдиган пудратчилар тизимга киритилмайди.

«Бугунги кунда сув тежовчи тизим жорий қилинган ҳар бир гектар учун 8 миллион сўм миқдорида субсидия берилади. Шу пайтгача бу маблағнинг 50 фоизи технология ўрнатилган йилда, қолгани келгуси йили унинг ишлатилишига қараб тўланар эди. Энди бу борада ҳам қулайлик яратилиб, барча субсидия маблағларини ўша йилнинг ўзида тўлаб бериш белгиланмоқда», — дейилади хабарда.

Давлат раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, сўнгги истеъмолчигача бўлган тизимни тўғри йўлга қўйиш, сувни тежаш ишларини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди.