Криптоактивлар айланмаси соҳасида тартибга солувчи орган ҳисобланган Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги халқаро криптобиржалар, шу жумладан, Binance криптобиржаси фаолиятини криптоактивлар айланмаси соҳасидаги лицензиялаш талаблари ва шартларига мувофиқлигини текширди, деб хабар берди ИЛМА матбуот хизмати.

Текширув давомида қуйидаги қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди:

  • Ўзбекистон фуқароларига криптоактивлар билан боғлиқ операциялар бўйича хизматлар кўрсатилгани ҳақида тасдиқланган фактлар мавжуд;
  • Binance платформасида операциялар аноним криптоактивлар, шунингдек, жиноий йўл (ўғирлик, фирибгарлик ва бошқалар) орқали олинган криптоактивлар ва маблағлар билан амалга оширилади;
  • компания юридик шахс — Ўзбекистон резиденти эмас;
  • Ўзбекистонда жойлашган серверларда электрон платформа мавжуд эмас;
  • криптоактивлар айланмаси соҳасидаги, шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш, шунингдек шахсий маълумотларни сақлаш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларининг талабларига риоя этилмаган;
  • хизмат провайдерларининг устав жамғармасидан террорчилик фаолияти билан шуғулланиши мумкин бўлган ёки иқтисодий жиноятлар, жиноий даромадларни легаллаштириш, уюшган жиноятчилик, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши ва коррупция учун судланганлиги ўталмаган шахслар, шунингдек, оффшор ҳудудларда рўйхатдан ўтган компаниялар четлатилгани тўғрисида маълумотлар йўқ;
  • бир қисми Ўзбекистон тижорат банкида алоҳида ҳисобварақда сақланиши зарур бўлган устав жамғармаси мавжуд эмас.

Текширув натижаларига кўра, ИЛМА баённома тузиб, уни кўриб чиқиш ва қоидабузарликларни бартараф этиш чораларини кўриш учун Binance криптобиржасига юборди. Бироқ, хабарда айтилишича, Binance тегишли чораларни кўрмаган ва Ўзбекистон ҳудудида хизмат кўрсатувчи провайдер лицензиясини олмаган.

Шу муносабат билан агентлик Binance криптобиржаси ва компания рўйхатдан ўтган юрисдикция регуляторига БҲМнинг 300 баравари (102 миллион сўм ёки тахминан 8300 доллар) миқдорида жарима солиш бўйича қарор қабул қилди.

Ҳуқуқбузар ушбу жаримани бир ой ичида ихтиёрий равишда тўлаши мумкин, акс ҳолда ваколатли орган жаримани ундириш учун судга ариза беради.

ИЛМАнинг таъкидлашича, Ўзбекистон қонунчилигида лицензиясиз фаолият билан шуғулланганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланган.

Агентлик, шунингдек, қонунчиликка мувофиқ, Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахслари криптоактивларни сотиб олиш, сотиш ва айирбошлаш бўйича операцияларни фақат миллий провайдерлар орқали амалга ошириши мумкинлигини билдириб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, Bloomberg 2023 йил декабрида АҚШ Адлия вазирлиги ва Ички даромадлар хизмати Binance`га нисбатан текширув бошлагани ҳақида хабар берган эди. Жиноий фаолият билан боғлиқ маблағлар бошқа криптобиржаларга қараганда кўпроқ Binance орқали ўтган деб ишонилади.

Binance савдо ҳажми бўйича илк ва энг йирик криптовалюта биржаларидан биридир. Платформа 2017 йилда ташкил этилган ва Кайман оролларида рўйхатдан ўтган.