2024 йил Ўзбекистонда «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили» деб эълон қилинди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев мамлакат халқига йўллаган Янги йил табригида маълум қилди.

«Инсон қадрини улуғлаш, аҳолимиз манфаатларини таъминлаш, бунинг учун кучли иқтисодиёт барпо этиш бизнинг асосий вазифамиздир», — деди у.

«Янги йилда иқтисодиётимизга хорижий инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорлик ва хусусий мулк учун кенг имкониятлар яратишни янада кучайтирамиз. Илм-фан, инновация, IT каби соҳаларни, „яшил“ ва рақамли технологияларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратамиз», — деб ваъда берди президент.

«Янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳоли даромадларини ошириш эътиборимиз марказида бўлади. Иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдори кўпайтирилади. Хотин-қизлар ва нуронийларни, ёрдамга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият берамиз. Ижтимоий соҳалар ривожини мутлақо янги босқичга кўтарамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, Қуролли кучларимиз жанговар салоҳиятини ошириш устувор вазифамиз бўлиб қолади. Мухтасар айтганда, янги ҳаётни, янги Ўзбекистонни барпо этиш учун бор куч ва имкониятларимизни тўлиқ сафарбар этамиз», — деб ишонтирди у.

Шавкат Мирзиёев ўтган йилни сарҳисоб қиларкан, шундай деди: «Ҳаёт бор экан, унинг ютуқ ва қувончлари, ташвиш ва муаммолари ҳам бўлиши табиийдир. Аммо инсон ва халқ ақл-заковати, ҳалол меҳнати, мустаҳкам иродаси билан ҳар қандай синовлардан муносиб ўтишга қодир».

«2023 йил эл-юртимиз учун қут-баракали ва омадли келди. Энг муҳими, юртимизда тинчлик-осойишталик, турли миллат вакиллари ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик ҳукм сурмоқда», — деди у.

«Биргаликдаги меҳнатимиз туфайли янги Ўзбекистон орзуси реал ҳақиқатга айланмоқда. Барча эришган ютуқларимиз учун сиз, азиз ватандошларимга, чин дилдан миннатдорлик билдираман», — деди президент.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил Ўзбекистонда ««Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб эълон қилинганди.