Қозоғистон ҳукумати «Толибон»ни тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқаришга қарор қилди. Бу ҳақда Kazinform агентлиги Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияровга таяниб маълум қилди.

«Қозоғистон Республикада тақиқланган террористик ташкилотларнинг миллий рўйхатини актуаллик мақсадида мунтазам равишда кўриб чиқади. Ушбу жараён доирасида БМТ амалиётига кўра «Толибон»ни ундан чиқариб ташлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг мажбурий резолюцияларига кўра, «Толибон» ҳаракати БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан террорчи деб тан олинган ташкилотлар рўйхатига киритилмаган», — деди Айбек Смадияров.

Қозоғистон ва «Толибон» ўртасидаги дипломатик алоқаларнинг ривожланиши ҳақида гапирган Смадияров, расмий Остона Хавфсизлик Кенгаши ва БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган қарор ва резолюцияларга қатъий амал қилишда давом этишини айтди.