Қашқадарёда экстремистик мазмундаги ғояларни тарғиб қилган шахсга нисбатан ҳукм ўқилди, дея хабар қилмоқда Давлат хавфсизлиги хизмати.

Қайд этилишича, Қамаши туманида яшовчи 21 ёшли фуқаро 2018−2023 йиллар давомида доимий яшаш манзилида бўлиши ҳамда 2022 йилнинг июль-ноябрь ойларида Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида мавсумий ишлаши давомида ижтимоий тармоқлар орқали халқаро террористик ташкилотлар ғоявий раҳнамоларининг «ҳижрат» ва «жиҳод»га чорловчи аудио-видео маърузаларини тинглаб, томоша қилган.

Оқибатда у Telegram мессенджерида 11 та канал очиб, экстремистик мазмундаги ғояларни тарғиб қилиш билан шуғулланган. Ҳатто унда Сурияга бориб, «жиҳод» қилиш истаги пайдо бўлган ва айни шу мақсадда ижтимоий тармоқлар орқали ўзгалардан керакли маслаҳатларни олган.

Бу орада фарзандининг ножўя ҳаракатларидан хабар топган ота-онасининг огоҳлантиришларига қарамасдан, у ўз мақсадидан қайтмаган ва ишини давом эттирган.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан терроризм ва эктремизмга қарши курашиш йўналишида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушбу шахснинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилиб, унинг Сурияга кетишининг олди олинди ҳамда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Жиноят ишлари бўйича Қамаши туман суди ҳукмига кўра, мазкур шахс Жиноят кодексининг 244−1-моддаси 3-қисми «г» бандида (Хизмат мавқейидан фойдаланиб жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.