Давлат активларини бошқариш агентлиги ижтимоий тармоқларда риэлторлик фаолияти тўғрисидаги қонун лойиҳаси юзасидан билдирилаётган фикрларга муносабат билдирди.

«Қонун лойиҳасининг 3-моддасида ушбу қонуннинг амал қилиши кўчмас мулк мулкдорлари ўзлари мустақил тузадиган битимларга нисбатан татбиқ этилмаслиги белгилаб қўйилган», — дейилади агентлик муносабатида.

Қайд этилишича, риэлторлик хизматлари сифатини ошириш, ўзини ўзи бошқариш механизмларидан кенг фойдаланиш, шунингдек, амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни мувофиқлаштириш мақсадида «Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги қонунни янги таҳрирда ишлаб чиқиш зарурати туғилган.

«Кўплаб ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганига қарамасдан, 2010 йилдаги амалдаги қонун замонавий воқеликларга ва риэлторлик фаолияти соҳасидаги ўзгаришларга мос келмайди», — дея қайд этган агентлик.

Қонун лойиҳаси риэлторлик хизматларини кўрсатиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, «соядан» чиқишни рағбатлантириш ва ноқонуний (қора) риэлторлар ва риэлторлик ташкилотлари фаолиятини легаллаштириш, шунингдек, риэлторлик хизматлари истеъмолчиларини ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳамда ноқонуний риэлторлар томонидан фирибгарлик ҳолатлари авж олишининг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган.

«Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда ривожланган мамлакатлар тажрибаси ўрганилган. АҚШ, Германия ва Францияда риэлторлар лицензияга эга бўлиши мажбурлиги ҳамда риэлторлар фаолияти кўпроқ тартибга солинган Бенилюкс мамлакатларида (Бельгия, Нидерландия ва Люксембург) риэлторлик фаолияти амалга оширишда лицензияга эга бўлишдан ташқари, ҳар бир агент проффесионал ташкилотлардан бирига аъзо бўлиши белгиланган», — дейилади Давактив муносабатида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ блогер Никита Макаренко мазкур қонун лойиҳаси ҳақида пост қолдирганди.

«Бу — шунчаки бомба. Давактив барча хонадон эгаларига уйларини сотиш ва ижарага бериш ҳақидаги эълонларини интернетда жойлаштиришни қонуний равишда тақиқламоқчи. Бу фақат риэлторлар орқали мумкин бўлади. Тасаввур қиляпсизми? Мулкимизни тасарруф этиш эркинлигини берувчи Фуқаролик кодекси-чи? Менимча, бу мутлақо халққа ва конституцияга зид бўлган қонунни қабул қилишга фақат иккита сабаби бўлиши мумкин. Ё Давактив раҳбари Акмалхон Ортиқовнинг қариндошлари номига бир-икки риэлторлик фирмаси расмийлаштирилган ёки риэлторлар Давактив`га бир-икки чамадон доллар олиб келишган. Мен бошқа сабабларни кўрмаяпман», — деб ёзган Никита Макаренко.

«Блогер Никита Макаренконинг постида айтилишича, „Давактив агентлиги барча квартира эгаларига уларни сотиш ва ижарага бериш ҳақидаги эълонларни Интернетда жойлаштиришни қонуний равишда тақиқламоқчи. Буни фақат риэлторлар орқали қилиш мумкин бўлади“. Бу фикр ҳақиқатга тўғри келмайди», — дея муносабат билдирган унинг сўзларига жавобан Давактив.

Маълумот ўрнида, қонун лойиҳасининг 27-моддаси кўчмас мулк бозоридаги ахборот, маслаҳат ва реклама хизматларига бағишланган ва унда жумладан қуйидагилар ёзилган:

Кўчмас мулк бозорида ахборот, маслаҳат ва реклама хизматлари қонунчиликда белгиланган тартибда тузилган риэлторлик хизматларини кўрсатиш шартномаси асосида кўрсатилади.

Жисмоний ёки юридик шахсларнинг кўчмас мулк объектларини реклама қилиш ва эълонлари, шу жумладан, бутунжаҳон ахборот тармоғи Интернетда ёки ижтимоий тармоқлар саҳифаларида жойлаштириладиганлари, кўчмас мулк мулкдорлари томонидан фақат риэлторлик ташкилотлари ва кўчмас мулк бўйича агентлар орқали бепуллик асосида амалга оширилади.

«Қонун лойиҳасининг 27-моддаси қоидаларининг таҳрири қайта ишланади ва «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 11 ва 12-моддалари талабларига, шунингдек, кўчмас мулк эгалари манфаатлари ва қонунчилик техникасига мувофиқлаштирилади», — дейилади муносабатда.

Шунингдек, мазкур қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси якунлари бўйича келиб тушган таклиф ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда қайта ишланади ҳамда ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун Адлия вазирлигига тақдим этилади. Вазирликнинг ижобий хулосаси олинганидан сўнг қонун лойиҳаси белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун киритилади.

Қонун лойиҳаси муҳокамаси 29 декабргача давом этиши белгиланган.