Давлат ташкилотлари ва идоралари архивга сақлаш учун топшириши лозим бўлган ҳужжатларни «Идоравий электрон архив»га (arxiv.gov.uz) юклаш имкониятига эга бўлади. «Ўзархив» агентлиги ушбу тизимни тақдимот қилди.

Президентнинг 5834-сонли фармонига мувофиқ, 2020 йил 1 январдан давлат ташкилотлари ҳужжатларни архивда сақлаши, шунингдек, уларнинг электрон нусхасини яратиши (рақамлаштириши) шарт.

«Ўзархив» агентлиги директори Улуғбек Юсупов (ўртада)«Ўзархив» агентлиги директори Улуғбек Юсупов (ўртада)

Давлат ташкилотларининг ички иш юритиш учун идоралараро ҳужжат айланиш тизими (edo.ijro.uz) мавжуд. Унда ижро ҳужжатлари онлайн режимда шакллантирилади ва имзоланади. Бироқ у ҳужжатларни архивга юбориш функциясига эга эмас эди.

Бугунга қадар ташкилот ва идоралар ҳужжатларни архивга сақлаш учун уни қоғоз шаклида ёки электрон қурилмаларда (дисклар ёки флешкаларда) топширишга мажбур эди.

Arxiv.gov.uz тизими муаммонинг ечими бўлди. Эндиликда edo.ijro.uz тизимининг «Менинг ҳужжатларим» бўлимида «Архивга юбориш» тугмаси пайдо бўлади. Унинг ёрдами билан ҳужжатлар идоравий электрон архивга юборилиши мумкин. Бироқ бундан олдин arxiv.gov.uz`га ишлар номенклатурасини (иш номларининг тизимлаштирилган рўйхати) киритиш зарур, деб тушунтирди «Ўзархив» агентлиги матбуот котиби Анвар Алиев «Газета.uz»га берган изоҳида. Уни тўлдириш ҳужжатларни тарқатиш ва қидиришни соддалаштиради.

«Ўзархив» агентлиги матбуот котиби Анвар Алиев (ўртада)«Ўзархив» агентлиги матбуот котиби Анвар Алиев (ўртада)

Тизим «Ўзархив» агентлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва ахборот ресурсларини ривожлантириш маркази томонидан ишлаб чиқилган ва худди шу ташкилотлар томонидан синовдан ўтказилган. Сайтни тўлиқ ишга тушириш 2024 йилга мўлжалланган. Сайт ишга туширилиши билан давлат архиви манбаси ҳисобланган 8 мингга яқин давлат органи ва ташкилотлари ҳамда 100 мингдан ортиқ фойдаланувчи тизимга уланиши кутилмоқда. Техник ёрдам Call-марказ томонидан амалга оширилади.