25 декабрь куни Навоий вилояти Навоий шаҳридаги 11-сонли жазони ижро этиш колониясида маҳкум ўз жонига қасд қилди. Бу ҳақда инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) матбуот хизмати хабар берди.

Унда маҳкум чойшабдан сиртмоқ ясаб, камера деразасига ўрнатилган темир панжарага ўзини осгани ҳақидаги хабар бўйича маълумотлар сўраб олингани айтилади.

Аниқланишича, 24 ёшли маҳкум Ф.Қ. Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани судининг 2021 йил 10 ноябрдаги ҳукмига кура, Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдириш) ва 60-моддаси (Бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш) билан 14 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Омбудсманга тақдим қилинган маълумотларга кўра, марҳум муқаддам руҳиятнинг ўзгариши билан боғлиқ бошқа касалликларга мойиллиги бўлган маҳкумлар рўйхатида турган, жазо муддатини ўташи давомида 23-сонли маҳкумларга мўлжалланган ихтисослаштирилган касалхонанинг психиатрия бўлимида 2 маротаба даволанган.

«Марҳумнинг оила аъзолари унинг жазо муддатини ўташи давомида қисқа ва узоқ муддатли учрашувга келмагани, фақатгина маҳкум Ф.Қ. улар билан 6 маротаба телефон орқали суҳбатлашгани аниқланди», — дейилади омбудсман баёнотида.

Марҳумнинг «ноодатий хатти-ҳаракатлари» сабабли муассасадаги бошқа маҳкумлар у билан бир камерада ўтиришни истамагани сабабли Ф.Қ. 2023 йил 24 декабрдан буён алоҳида сақлангани қўшимча қилинди.

Ҳолат юзасидан махсус прокуратура томонидан суриштирув ишлари олиб бормоқда.