Ҳиндистоннинг Гуруграм (Гургаон) шаҳрида полиция кийимидаги бир гуруҳ шахслар Ўзбекистон фуқаросининг пулларини ўғирлаб кетди, деб хабар бермоқда Дунё ахборот агентлиги ОАВга таяниб.

Шанба куни соат 21:00 атрофида меҳмонхонага қайтган уч ўзбек ака-ука ўзларини полиция ходими деб таништирган шахслар томонидан тўхтатилиб, ҳужжатлари текшириш учун олинган. Хабарда айтилишича, улар сумкаларни кўздан кечириш жараёнида 16 минг долларни ўғирлаб, қочиб кетган.

Ўзбекистон фуқароси Б.С. Ҳиндистонга Гуруграм шаҳридаги Artemis шифохонасида буйрак кўчириш амалиётини ўтказиш учун боргани маълум бўлди. У воқеа юзасидан полицияга мурожаат қилган.

Ҳозирда Ҳиндистон жиноят қонунчилигининг 379А- (Тортиб олиш орқали ўғрилик), 419- (Ўзини бошқа киши деб таништириш йўли билан алдаш) ва бошқа моддалари бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа расмий идоралар билан музокаралар олиб борди, вазият назоратга олинди, дейилади хабарда.

Дипломатик миссия ватандошларни турли мақсадларда, жумладан, даволаниш учун Ҳиндистонда бўлиш чоғида турли шубҳали шахсларнинг гапларига ишонмасликка, айниқса, молиявий масалалар билан боғлиқ вазиятларда шахсий хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилиш, йирик миқдорда нақд пул ишлатмаслик, балки банк карталаридан ёки пул ўтказиш амалиётидан кенг фойдаланишга чақирди.

Элчихона ватандошларга зарур ҳолатларда консуллик-ҳуқуқий ёрдами кўрсатилиши учун зудлик билан +91 11 2467 0774/75 телефон рақами ёки @consuluzbindia_bot Telegram ботига мурожаат қилишни тавсия этди.

Янги Деҳли яқинида жойлашган Гуруграм Ҳаряна штатидаги иккинчи йирик шаҳар ҳисобланади.