25 декабрь куни Самарқанд шаҳрида шахматнинг рапид (тезкор) ва блиц йўналишлари бўйича жаҳон чемпионатининг матбуот анжумани ва очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда рапид ва блиц бўйича амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсен, Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) президенти Аркадий Дворкович, ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адхам Икрамов, Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси Алишер Саъдуллаев, ўзбекистонлик шахматчи Нодирбек Абдусатторов иштирок этди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Магнус Карлсен (марказда). Фото: Хусниддин Ато / PressPhotoUzМагнус Карлсен (марказда). Фото: Хусниддин Ато / PressPhotoUz

«Газета.uz» мухбири Карлсендан агар Нодирбек Абдусатторов чемпионлик унвонини қўлга кирита олса, жаҳон чемпиони унвони учун курашга қайтиши ёки йўқлиги бўйича савол сўради. Аввалроқ норвегиялик гроссмейстер агар унинг рақиби Алиризо Фирузжа бўлмаса, чемпионлик унвонини ҳимоя қилмаслигини айтганди.

Карлсеннинг қайд этишича, Нодирбек бу циклда энди чемпионлик учун кураша олмаса-да, кейинги босқичда унинг маҳорати ва характери бу имкониятни беради. Аммо Карлсенга чемпионат ўйини формати ўзгариши муҳимроқ, шунда у қайтади ва яна классик шахмат бўйича жаҳон чемпиони унвони учун курашади.

Фото: Ҳусниддин Ато / PressPhotoUz Фото: Ҳусниддин Ато / PressPhotoUz

Ўзбекистондаги шахматнинг аҳволи ҳақидаги саволга жавоб бераркан, собиқ жаҳон чемпиони ўтган йили унга қозоқ шахматига оид мана шундай савол берилганини эслади. Ўшанда у «Ўзбекистонга қаранг ва шундай қилинг», — дея жавоб берган.

Норвегиялик спортчидан, шунингдек, иккала турнирда кимни фаворит деб билиши сўралди. «Рапидда раундлар сезиларли даражада камроқ, шунинг учун топдаги натижалар нисбатан тасодифий. Мен шахсан ўзимни блицда фаворит деб биламан. Рапид бўйича чемпионатда эса кўпчилик шахматчиларда ғалаба қозониш имконияти бор, деган бўлардим, жумладан, Нодирбекда ҳам. Лекин кимнидир ажратиб кўрсат бўлмайди», — деди Карлсен.

Аркадий Дворковичдан ФИДЕ Марказий Осиё мамлакатларига алоҳида эътибор қаратилаётгани сабаби сўралди. Халқаро шахмат федерацияси раҳбари иккита асосий омилни келтириб ўтди: шахмат анъаналари ва бу мамлакатларда шахматни қўллаб-қувватловчи одамлар.

Нодирбек Абдусатторов. Фото: Хусниддин Ато / PressPhotoUzНодирбек Абдусатторов. Фото: Хусниддин Ато / PressPhotoUz

Нодирбек Абдусатторов мураббийлари ҳақидаги саволга жавоб бераркан, гроссмейстерлик вақтида унинг мураббийи Дмитрий Каюмов бўлгани, ҳозир эса Рустам Қосимжонов эканини айтди.

Рапид мусобақаси 26 декабрь куни Тошкент вақти билан соат 15:00 да бошланади. Икки йўналиш бўйича VI жаҳон чемпионатининг умумий соврин жамғармаси 1 миллион долларга тенг. Чемпионат 30 декабрь кунига қадар давом этади.

Ўзбекистон шарафини 33 нафар шахматчи ҳимоя қилади: Олимпия ўйинлари чемпионлари Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдаров, Нодирбек Ёқуббоев, Жаҳонгир Воҳидов, Шамсиддин Воҳидов, гроссмейстер Абдималик Абдисалимов ва бошқалар. Аввалроқ шахмат бўйича мураббий Георгий Шванов «Газета.uz» учун турнир фаворитларини кўздан кечириб, Ўзбекистон вакилларининг имкониятларини муҳокама қилганди.

Матбуот анжуманидан видео

Очилиш маросимидан видео