Ўзбекистон президенти 21 декабрь куни «Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Мазкур ҳужжатда Вазирлар Маҳкамаси ва Олий судга икки ой муддатда жиноий оилавий (маиший) зўравонлик қурбонларига нисбатан жабрланувчининг талабига кўра суд томонидан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишларнинг соддалаштирилган тартибда кўриб чиқишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш топширилади.

Гап суд маҳалладаги хотин-қизлар фаолининг фикрини инобатга олган ҳолда эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига имконият йўқ деб топса, ишни кўришни кейинга қолдирмасдан ҳамда ярашиш учун муҳлат тайинламасдан ҳал қилиш қарорини қабул қилиш ҳақида кетмоқда.

Бундан ташқари, бўлажак қонун лойиҳасида суд қарори билан уй-жойга мажбуран киритишга оид янгилик назарда тутилиши керак.

Уй эгасининг талабига кўра мажбурий тартибда киритилаётган тараф уй эгасига тегишли мутаносиб шароитга эга бошқа яшаш жойига ёки уй эгаси томонидан ижара ҳақи тўлаб туриладиган яшаш жойига киритиб қўйиш имконияти берилиши кутилмоқда.

Аввалроқ 1 февралдан Самарқанд шаҳар, Наманган туманлараро ва Мирзо Улуғбек туманлараро судларида синов тариқасида Оила судьялари ташкил этилиши хабар қилинганди.