22 декабрь ва 23−24 декабрь кунлари Ўзбекистон ҳудудига жанубдан илиқ ҳаво кириб келиши давом этади ва ҳарорат кўтарилади. Бу ҳақда «Ўзгидромет» хабар қилди.

22 декабрь иккинчи ярмида ҳаво +8…+13 илиққача, шанба ва якшанба кунлари эса +12…+17 илиққача исийди. Кечалари ҳам ҳаво илиқ бўлади, якшанба кунига келиб, ҳарорат кечаси +2…+7 илиққача кўтарилади.

Қайд этилишича, ҳафта охирида ҳаво бироз булутли бўлади, баъзи жойларда ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Фақат айрим тоғ олди ва тоғли ҳудудларда 24 декабрь, якшанба куни асосан ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик бўлиши мумкин.

Республика бўйича баъзи жойларга кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин, Фарғона водийсининг айрим жойларига туман тушиши кундузи ҳам сақланиб туради.

24 декабрда республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучайиши мумкин.

Тошкентда 22−24 декабрь кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Кечаси ва эрталаб баъзи жойларга туман тушиши мумкин. Шамол шарқдан бироздан ўртачагача эсади. Ҳарорат бугун кундузи +10…+12 илиқ бўлади, шанба ва якшанба кунлари эса кечалари +3…5 илиққача, кундуз кунлари +14…+16 илиққача аста-секин кўтарилади.