20 декабрь куни АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси АҚШ ҳудудига ноқонуний кирган ва ўз ватанига қайтарилган 119 нафар Ўзбекистон фуқаросининг чиқариб юборилганига изоҳ берди.

«АҚШ-Мексика чегараси орқали Қўшма Штатларга ноқонуний миграция хавфли ва қимматдир. Биз бундай ҳаракатларни кескин қоралаймиз ва ўзбекистонликларни одамларга товар сифатида қарайдиган жиноий контрабандачиларнинг ёлғонлари қурбони бўлиб қолмасликларидан огоҳлантирамиз», — дейилади элчихона баёнотида.

«АҚШ чегаралари ноқонуний миграция учун очиқ эмас. Биз Ўзбекистон фуқароларини Қўшма Штатларга сафар қилишда хавфсиз ва қонуний йўлдан фойдаланишга ундаймиз».

Қўшма Штатлар АҚШда қолиш учун қонуний асосга эга бўлмаган Ўзбекистон фуқароларини мамлакатдан чиқариб юбориш учун Ўзбекистон ҳукумати билан яқиндан иш олиб бормоқда. Ўзбекистоннинг АҚШдан чиқариб юборилиши шарт бўлган фуқароларининг ўз мамлакатига қайтишини осонлаштириш бўйича йўлга қўйган ҳамкорлиги унинг халқаро мажбуриятларга содиқлигини кўрсатади.

Баёнотда Байден-Ҳаррис маъмурияти муҳожирларнинг АҚШга қонуний кириши учун хавфсиз ва тартибли йўлларни кенгайтириш учун муҳим қадамлар қўйгани таъкидланди. Хавфсиз ва қонуний йўллардан фойдаланиш, жумладан, Green card дастури орқали бориш одамларга АҚШ иммиграция қонунларига риоя қилган ҳолда Қўшма Штатларда яшаш ва ишлаш имкониятларини таклиф этади.

АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтган шахслар унга камида беш йил давомида қонуний равишда қайта киришлари тақиқланади. Ноқонуний миграцияга ёрдам берувчи оила аъзолари ва бошқа кишилар ҳам доимий равишда АҚШ визаси олиш ҳуқуқига эга эмас деб топилиши мумкин.

АҚШ хавфсиз, тартибли ва инсонпарвар миграция жараёнларини ривожлантириш мақсадида чет эллик ҳамкорлар билан фаолият олиб борар экан, Қўшма Штатларда қолиш учун қонуний асосга эга бўлмаган барча ноқонуний кирувчилар ва фуқаролиги бўлмаганларни иммиграция қонунчилиги (Title 8) ваколати остида тезда мамлакатдан чиқариб юборади, дейилади хабарда.