Шавкат Мирзиёев жума куни Республика Маънавият ва маърифат кенгаши йиғилишида Ўзбекистон ғоявий-мафкуравий соҳада рақобатга тайёрми, деган саволни кўтарди. Унинг нутқидан иқтибосларни давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов эълон қилди.

Президент ушбу кенгашга ўзи раислик қилаётганини, ҳудудларда эса бу соҳага биринчи раҳбарлар масъул эканини, чунки «илм-фан, таълим ва тарбия, маънавият устувор масала» эканини эслатди.

Унинг таъкидлашича, 2023 йилда «энг кўп — 134 триллион сўм» ижтимоий соҳага йўналтирилди, бу 2016 йилга нисбатан 5,6 баробар кўпдир. «Янги таҳрирдаги Конституциямизда белгиланган „Ўзбекистон — ижтимоий давлат“ деган қоиданинг амалий ҳаётимиздаги тасдиғини биргина ана шу мисолда ҳам яққол кўриш мумкин. Бу ишлар дастлабки қадамлар бўлиб, келгусида янада кенгайиб боради», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари иқтисодий инқироз ва пандемиянинг глобал миқёсдаги таъсирига қарамай, мамлакатда маънавий-маърифий ишларни кенгайтириш борасида катта саъй-ҳаракатлар ва ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

2024 йилдан бу ишларни янада фаоллаштириш учун ҳар йили 100 миллиард сўм ажратилишига ваъда берди.

«Эртага кеч бўлади»

Президент шундай савол билан юзланди: «Биз бугунги кескин шароитда ғоявий-мафкуравий соҳада рақобатга тайёрмизми? Ёш авлодимиз тарбияси мураккаб замон талабларига жавоб бераяптими?»

«Булар оддий саволлар эмас. Одамни жиддий ўйлантирадиган, ташвишга соладиган саволлар. Агар биз бу ёруғ дунёда „ўзбек“, „ўзбекистонлик“, „Ўзбекистон“ деган номлар билан яшаб қолишни истайдиган бўлсак, бу саволларга бугун жавоб топишимиз ва уларни ҳал этиш бўйича амалий ҳаракатларни айнан бугун бошлашимиз шарт. Эртага кеч бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Унинг таъкидлашича, ижтимоий тармоқлар орқали асосан четдан, баъзан ҳатто мамлакатнинг ўзида ҳам Конституция ва қонунларга зид позициялар илгари сурилаётгани, жумладан, диний эътиқод ниқоби остида ёшларни маърифатга эмас, жаҳолатга ундаш ҳолатлари пайдо бўлмоқда.

Бундай вазиятда жамиятда жаҳолатга қарши маърифат билан курашишни кучайтириш, эҳтиёткорлик ва огоҳликни ошириш лозим, деди у.

Шавкат Мирзиёев зиёлиларни тинчлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашда янада фаол бўлишга, маънавий фазилатлари билан бошқаларга ўрнак бўлишга чақирди.

Шунингдек, Ўзбекистон ўзбек маданий дипломатиясини жаҳон миқёсида ривожлантириш, аҳоли ва сайёҳларни мамлакатнинг бой маданий мероси билан кенг таништириш борасидаги ишларни янги босқичга кўтаришини таъкидлади.

«Кадрлар сув ва ҳаводек керак»

Президент яқин кунларда ўтган аср бошларидаги ижтимоий-сиёсий маърифий ҳаракат вакиллари — жадидлар меросини ўрганиш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисидаги қарорни имзолашини айтди.

«Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби ғарб илм-фан ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур», — деди у.

«Маърифатпарвар аждодларимизнинг мероси бугун биз қураётган ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти учун пойдевор бўлиб хизмат қилиши табиий», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Бу кимгадир ёқадими ёки йўқми, халқимиз жадид боболаримиз кўрсатиб берган йўлдан оғишмай бориши керак. Чунки уларнинг ғоя ва дастурлари янги Ўзбекистонни барпо этиш стратегияси билан ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир», — деди у.