Ўзбекистонда мудофаа ва хавфсизлик харажатлари 3,2 триллион сўмга (260 миллион доллар) оширилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан маъқулланган «2023 йилги давлат бюджети тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришларда сўз боради. «Газета.uz»да бу ҳужжат мавжуд.

Унда айтилишича, мудофаа ва хавфсизлик харажатларини оширишга «ёпиқ қарор» билан қарор қилинган.

Умуман олганда, «бошқа ташкилотлар» (Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Божхона қўмитаси, Давлат захираларини бошқариш қўмитаси ва бошқалар) харажатлари 1,91 триллион сўмга ошди — 36,06 триллион сўмдан 37,97 триллион сўмга (3,07 млрд доллар) ўсди.

Мудофаа харажатлари бошқа харажатларни камайтириш ҳисобига 3,2 триллион сўмга оширилди. Хусусан, Божхона қўмитаси ва Давлат захираларини бошқариш қўмитаси (Ўздавзахира) Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тузилмасига ўтказилиши муносабати билан харажатлар мос равишда 944,4 миллиард сўм ва 64,5 миллиард сўмга қисқартирилмоқда.

Қонунчилик палатаси ўзгартиш тўғрисидаги қонунни 15 декабрда, Сенат эса 20 декабрда маъқуллаган. Умуман олганда, 2023 йилги бюджетга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар давлат харажатларини қарийб 2 миллиард долларга оширишни назарда тутади.

«Газета.uz» ёзганидек, парламент йил охирида ўзгартиришларни яна бир бор кўриб чиқди, лекин маблағнинг катта қисми аллақачон сарфлаб бўлинган. Ҳукумат яна харажатлар чегарасини бажара олмади, шунинг учун ташқи кредитлар лимити оширилмоқда.

2021 йилда ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва мудофаа органларига давлат бюджетидан қўшимча 1,43 триллион сўм ажратилганди.