Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 21 октябрь куни ўтказилган 20 ялпи мажлисда республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағлари бошқарувчиларига 2021 йилда 11,69 трлн сўмга (1,1 млрд доллар атрофида) ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорларини оширишни маъқуллади. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Тасдиқланган ўзгаришларга кўра, «бошқа ташкилотлар» бюджети 24,69 трлн сўмдан — 26,12 трлн сўмга, яъни жами 1,43 трлн сўмга (133,7 млн доллар) кўпаяди. Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоев ушбу маблағлар қўшимча штатларни ташкил қилиш, лавозимлар ва ойликларни ошириш, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ҳамда айрим идораларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга йўналтирилишини маълум қилди.

Сенат хабарида қайд этилишича, маблағлар «мудофаа ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни сақлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш харажатларига йўналтирилади».

Эркин Гадоев аниқлик киритишича, бюджет харажатларининг ортишига қарамасдан йил якунига қадар даромадлар қўшимча манбалар ҳисобига 147,2 трлн сўмдан 173 трлн сўмгача ортиши кутилмоқда.

Июнь ойида «Газета.uz» Сенат давлат бюджети харажатларини 13,1 трлн сўмга (ўша вақтда МБ курси бўйича 1,2 млрд доллар атрофида) оширишни маъқуллагани ҳақида ёзганди. Шундан 1,12 трлн сўм маблағ куч ишлатар тузилмалар ходимларини моддий таъминлаш, қўшимча штатлар ажратиш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун сарфланиши айтилганди.