Ўзбекистонда миллий сериаллар ишлаб чиқариш концепцияси яратилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 22 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди, деб хабар берди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

«Савол туғилади: халқимиз телевизорни энг кўп кўрадиган пайтларда, яъни „прайм-тайм“ вақтида хорижий сериалларга катта ўрин бераётганимиз қанчалик тўғри? Бу олдимизга кечиктириб бўлмайдиган долзарб вазифаларни қўймоқда. Жумладан, миллий сериаллар ишлаб чиқариш бўйича мавжуд тизимни тубдан ислоҳ этиш, бу йўналишда ижодкорларимизни қўллаб-қувватлаш лозим», — деди давлат раҳбари.

Миллий сериалларни ғоявий-бадиий ва техник жиҳатдан жозибали, ҳамма қизиқиб кўрадиган даражага етказиш зарурлиги таъкидланди.

Шу мақсадда «маҳаллий ижодкорларга, хусусан, ижрочи санъаткорлар, драматург ва режиссёрлар учун замонавий шароитлар яратишга қаратиладиган» Миллий сериаллар ишлаб чиқариш концепцияси яратилади.

Унга кўра, бунинг учун эркин иқтисодий зона — Cinema Park ташкил этилади. Вазирлар Маҳкамасига Cinema Park учун давлат-хусусий шериклик асосида Тошкент вилояти ҳудудидан 50 гектар ер майдони ажратиш бўйича таклиф киритиш топширилди.

Бухоро, Самарқанд, Тошкент вилоятлари ҳокимларига ўз вилоятларида эркин иқтисодий киноҳудудлар барпо этиш бўйича лойиҳаларни бошлаш топширилди.

Президент буюк аждодларнинг ибратли ҳаёт йўли ҳақида кўп қисмли анимацион фильмлар яратишни ҳам назарда тутиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.