Президент Шавкат Мирзиёев 21 декабрь куни телефон орқали мулоқотда Миср Араб Республикаси президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисини сайловда эришган ишончли ғалабаси билан самимий қутлади, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

«Сайловчиларнинг фаол иштироки ва овоз бериш натижалари дўст Миср халқи амалдаги давлат раҳбарининг сиёсати ва ислоҳотлар дастурини кенг қўллаб-қувватлаётганидан далолат экани қайд этилди», — дейилади муносабатда.

Суҳбатда Ўзбекистон-Миср шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. 2023 йил февраль ойида Қоҳирага олий даражали ташриф давомида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Икки томонлама Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилишларини ўтказишга келишиб олинди.

Давлат раҳбарлари халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.

Эслатиб ўтамиз, Абдулфаттоҳ ас-Сиси 10−12 декабрь кунлари бўлиб ўтган сайловларда ғалаба қозониб, кетма-кет учинчи муддатга президент этиб сайланди. У сайловнинг биринчи босқичида 89,6 фоиз овоз олди, унга 39,7 миллиондан ортиқ киши овоз берди.