Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси «Ўзэнергоинспекция» билан биргаликда ноябрь-декабрь ойларида мамлакатнинг барча ҳудудларидаги ёнилғи қуйиш шохобчаларида бензин сифатини текшириш мақсадида назорат харидларини ўтказди.

Ҳаммаси бўлиб 82 та шохобчадан бензин намуналари харид қилинди ва лабораторияларга топширилди.

Таҳлиллар натижасида 21 та ҳолатда бензин маҳсулотларининг сифати белгиланган талабларга жавоб бермаслиги, 4 та ҳолатда эса белгиланган миқдордан кам қуйиш ҳолатлари аниқланган. Бунда, дастлабки ўрганишларга кўра, истеъмолчиларга 300 миллион сўмга яқин зарар етказилган.

Қўмита лабораторияси маълумотларига кўра, қуйидаги шохобчаларда қуйилаётган бензин сифат даражасига жавоб бермайди:

  • «Гулнора газ сервис» (Қорақалпоғистон);
  • Bars (Тошкент вилояти);
  • International Petroleum (Сирдарё вилояти);
  • «Искра», «Хамкор Имеж», Nazar Ota, Sher Grand Gaz, «Шодлик тухфаси» ва Versal Oil (Жиззах вилояти);
  • «Қаро Олтин Ёғдуси», «Лутф ҲАҚ», «Водий пропан газ сервис» ва «Оффисе брокерс» (Фарғона вилояти);
  • «Макс Эко ойл» (Қашқадарё вилояти);
  • Markaziy Gaz Oyl, Brava Oil Co, Foykon, Mohinur Oil, Boburshox Plyus Oil, Elit Tranzit Oyl, Mustaqillik-2001 (Андижон вилояти).

Шунингдек, Андижон вилоятидаги «Расул» кўп тармоқли хусусий савдо корхонаси, City petrol, Бухоро вилоятидаги Jasur Jo‘rabek Tolib nuri ва Xush Baxt Zar`га қарашли АЁҚШларда бензин маҳсулотларини кам қуйиш ҳолатлари аниқланган.

Рақобат қўмитаси ушбу ҳолатлар юзасидан иш қўзғатди ва истеъмолчиларга етказилган зарарни қоплаш устида ишламоқда.