Шавкат Мирзиёев 20 декабрь куни ўтказган видеоселектор йиғилишида IT соҳаси ривожлангани сари киберхавфсизликни таъминлаш масаласининг долзарблиги ошаётганини таъкидлади.

2023 йилнинг 11 ойида 5,5 мингта кибержиноят содир этилган бўлса, шундан 70 фоизи банк карталари билан боғлиқ фирибгарлик ва ўғрилик жиноятлари ҳисобланади.

Мамлакатда 50 га яқин тўлов тизими бўлиб, уларнинг ҳаммаси ҳам киберхавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги қайд этилди.

Таъкидланишича, ноябрь ойида IT воситасида содир этиладиган ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўйича Президент қарори имзоланди.

Мутасадди вазирлик ва идораларга барча электрон тўлов тизимлари учун ягона киберхавфсизлик талабларини ишлаб чиқиш ва ижросини қатъий назорат қилиш топширилди.

Умуман, IT хизматлари ҳажмини 20 триллион сўмга, экспортни 800 миллион долларга етказиш, тармоқларда 130 та ахборот тизимини жорий қилиш ва 750 та давлат хизматларини тўлиқ рақамлаштириш борасидаги режаларни ишлаб чиқиш муҳимлиги қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, 11 ноябрда айрим Ўзбекистон фуқароларининг банк карталаридан катта миқдорда пул ечиб олинган. Номаълум шахслар SMS кодлар ҳимоясини четлаб ўтган. Humo тўлов тизими ва Марказий банк эса ҳеч қандай киберҳужум бўлмаганини билдирган.

«Газета.uz» ўқувчилари ўз карталаридан катта миқдорда пул ечиб олингани ҳақида хабар берган, биз жабрланувчиларнинг сўзларини эълон қилган эдик.