Humo тўлов тизими ва Марказий банк ижтимоий тармоқларда тарқалаётган, Ўзбекистон банкларига ҳужум қилингани ва Humo карталаридан йирик миқдорда пул ўғирлагани бўйича хабарлар фейк эканини маълум қилди.

Humo`нинг қайд этишича, бугун бир нечта ижтимоий тармоқ саҳифаларида, хусусан, Telegram каналларда гўёки хакерлар Ўзбекистон банкларига ҳужум қилгани ва Humo карталардан йирик миқдорда пул ўғирлагани ҳақида хабарлар тарқалган.

«Ушбу маълумотлар ёлғон ва ҳақиқатга тўғри келмайди. Humo тўлов тизими барча хавфсизлик талабларига жавоб беради ва тизимга бевосита ҳеч қандай киберҳужум содир бўлмаган», — дея қайд этган ташкилот.

Шунингдек, Humo ижтимоий тармоқ фаолларидан текширилмаган ва ёлғон маълумотларни тарқатмасликни сўраган.

Марказий банк матбуот хизмати ҳам шу мазмунда хабар берди. Унда ижтимоий тармоқлар ва айрим Telegram каналларда хакерлик ҳужуми оқибатида серверлар бузиб кирилгани, бунинг натижасида фирибгарлар иловалардан бирида рўйхатдан ўтган карталарга ҳеч қандай муаммосиз кириш имконига эга бўлгани ҳақида ёлғон хабарлар тарқалаётгани айтилади.

«Бундай хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини, банклар ва тўлов тизимларига ҳеч қандай киберҳужум бўлмаганини ҳамда айни пайтда тижорат банклари ва тўлов тизимларининг фаолияти барча хавфсизлик талабларига жавоб беришини маълум қиламиз», — дея қайд этган регулятор.