Олий Мажлис Сенатининг 20 декабрь кунги мажлисида Сенат раиси Танзила Нарбаева Тошкент шаҳрининг қатор кўчаларида қурилган кўприкларда (ерусти пиёдалар ўтиш жойлари назарда тутилмоқда) лифт ва эскалаторлар ишламаётгани, бу эса пиёдалар ҳаётини хавф остига қўяётганини таъкидлади.

Мазкур масалани дастлаб Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш қўмитаси раиси Одилжон Иминов кўтарди.

«Қатор кўприклар қурилган, уларга лифтлар, эскалаторлар ўрнатилган, баъзи жойларга умуман ўрнатилмаган. Бунинг натижасида ногиронлиги бор шахслар [йўлни] белгиланмаган жойлардан кесиб ўтишмоқда. Давлат рахбари ҳам яқинда бўлиб ўтган селекторда таъкидлаб ўтдилар, 4000 мингдан ортиқ ЙТҲлар содир бўлган бўлса, шунинг 47 фоизи айнан пиёдаларнинг белгиланмаган жойлардан [йўлни] кесиб ўтиши натижасида содир бўляпти. Фақат ногиронлиги бор шахслар эмас албатта, бу ерда ёшлар, болалар, аёллар ва бошқа шахслар ҳам қатнашяпти. Лекин энг аянчли ҳолат — лифт ва эскалаторлар ёки умуман ишламаяпти, ёки умуман ўрнатилмаган. Шу масала бўйича ҳам мутасаддилардан тушунтириш беришни сўрардик», — деди Одилжон Иминов.

Танзила Нарбаева эса одамлар, айниқса кексалар, ёш болалилар, ногиронлиги бўлган шахслар кўприклардан ўтишда қийналаётгани ва норози бўлаётганини таъкидлади.

«Бу бўйича ижтимоий тармоқларда видео ҳам тарқалди. Биз одамларимиз, айниқса кексаларимиз, ёш болалар, ёш боласи борлар, ногиронлиги бўлган шахслар кўприклардан ўтишда қийналаётгани ва табиийки, норози бўлаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Муқимий ва Абдулла Қодирий кўчаларидаги лифтлар ишламайди, Муқимий ва Лутфий кўчалари кесишмасидаги иккита кўприк, Шота Руставели кўчасидаги кўприкда лифт ва эскалаторларнинг ўзи йўқ. Белгиланган, лекин йўқ», — деди Сенат раиси.

Танзила Нарбаева юқоридагилардан келиб чиқиб ҳукуматдан, Тоғ-кон, геология, саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекциясидан ва Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасидан Тошкент шаҳар ҳокимияти билан биргаликда масалани назоратга олишни сўради.

«Кўприклар ўзи аҳолига қулайлик яратиш учун қурилган. Шундай экан, улардаги лифт бўладим, эскалатор бўладими, ёки бошқа бирор қурилма бўладими, барчаси рисоладагидек ишлаши зарур. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, идоралар, вазирликлар бу масалани ўрганиши керак. 10 кун муддатда бизга ечим кўрсатилган таклифларни берасизлар», — деди Танзила Нарбаева.

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz» аввалроқ «НОҚулай шаҳар» лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳридаги ерусти пиёдалар ўтиш жойлари нима учун ноқулай ва хавфли экани ҳақида видеоматериал тайёрлаганди.